16:30 / 04.08.2022
1 407

Танзила Норбоева: «Мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас, балки зўравонликларнинг олдини олиш»

Танзила Норбоева: «Мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас, балки зўравонликларнинг олдини олиш»
Сенат ялпи мажлисида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилиб, рад қилинди. Сенат раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо амалда жабрланувчига юк сифатида тушмоқда.

Ҳимоя ордери 2019 йилдан Ўзбекистон қонунчилигига янгилик бўлиб кирган. Бу давлатимиз томонидан зўравон кишини огоҳлантириш демакдир. Агар ҳимоя ордерини бажармаганлик учун қонунда таклиф қилинаётган жарима миқдорини оширадиган бўлсак, жабрдийданинг ўзига юк бўлади. Чунки жамиятимизда кўп ҳолатларда аёллар турмуш ўртоғига қарам ҳисобланади. Ўз навбатида, у оиладаги асосий таъминотчи. Агар жарима миқдорини оширадиган бўлсак, у жаримани тўлайди, аммо хотини, боласининг имконияти шу билан чегараланиб қолиши мумкин".

«Бошқача айтганда, оила бошлиғи аёлига «сен туфайли жарима тўлаяпман, демак, бошқа маблағ керак бўлса ҳам бера олмайман», дейиши мумкин. Умуман олганда, жаримани эркакка юклаш жабр кўрган аёлни ҳам жазолаш, деб ҳисоблаш мумкин. Шунинг учун биз 1995 йилда Ўзбекистон қўшилган «Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенция талабларига ҳам қарашимиз керак. Унда оилага путур етмайдиган оғир, босиқ жазо тайинланиши зарурлиги ҳақида тавсиялар берилган. Шунинг учун бу масалага сон нуқтаи назаридан, миқдор нуқтаи назаридан эмас, комплекс ёндашиш керак. Бизнинг мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас, балки зўравонлик ҳолатларининг олдини олишдир. Шунинг учун бу қонунни рад этиш тўғрисидаги фикрларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўйлайманки, ҳамма сенаторлар ҳам буни қўллаб-қувватлайди», деди Сенат раиси.

Мажлис давомида, шунингдек, оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун нафақат жавобгарликни ошириш, балки биринчи навбатда маънавий, тарбиявий ҳамда оиланинг келгусида ҳар томонлама моддий ва баркамол жиҳатдан яшаб кетишини таъминлаш учун тегишли тизимли ва мантиқий боғлиқ бўлган кетма-кет чораларни келтириб чиқарувчи қонун нормаларини ишлаб чиқиш зарур эканлиги таъкидланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Танзила Норбоева: «Мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас, балки зўравонликларнинг олдини олиш»