Минимал ўтиш балидан паст тўплаганлар ҳам талаба бўлиши мумкинми? Унинг супер-контрактга таъсири қандай? Бу икки савол имтиҳонда анча кам балл йиғган кўплаб абитуриентларни қизиқтирмоқда.
20 августда бакалавриатга кириш имтиҳонлари якунланди. Мандат 27 августда эълон қилиниши кутилмоқда. Унгача эса барча талабгорлар кирган ёки кирмаганликларини натижаларига қараб, тахмин қилаётган бўлиши табиий.
Хўш, бу жараёнда минимал ўтиш бали қанчалик рол ўйнайди, унинг супер-контрактга таъсири борми? Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз каналида шу ҳақда маълумот берди.
Минимал ўтиш бали қанчалик муҳим?
Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери ОТМга киришдаги минимал ўтиш бали максимал баллнинг маълум фоизлардаги қисми билан баҳоланади. Ҳозирда:
- давлат грантининг минимал ўтиш бали 68,0 балл (яъни энг юқори ўтиш бали 189,0 нинг 36 фоизи);
- тўлов-контрактнинг минимал ўтиш бали 56,7 балл (яъни энг юқори ўтиш бали 189,0 нинг 30 фоизи) этиб белгиланган.
Ҳар йили тест синовларида минимум балл чегараси қўйилади. Бу билан абитуриентлар билими орқали нафақат бошқа талабгорлар билан, балки ўзи билан ҳам курашишига тўғри келади. Яъни абитуриент талабаликка тавсия этилиши учун 2 та шартни бажариши керак:
1. Натижаларни минимум ўтиш балидан ошириши;
2. топширган йўналиши доирасидаги қабул квотага кириши лозим.
Дейлик, абитуриент 56,7 эмас, 56 балл йиғган, аммо у 100 та квоталик йўналишда 95-бўлиб турибди. Бир олиб қараганда, абитуриент ўқишга кирдим деб ўйлайди, бироқ минимум балл тўпламагани учун у талабаликка тавсия этилмайди.
Бу ҳол давлат гранти билан ҳам худди шундай кечади. Яъни квотада жой бўла туриб, абитуриент юқори ўринда турган бўлса, лекин унинг йиғган бали 68 дан паст бўлса, бу вазиятда у давлат грантига тавсия этилмайди.
Умуман олганда, минимум ўтиш бали абитуриентнинг талаба бўлиш ёки бўлмаслигини, қолаверса, давлат бюджетида ўқиши ёки ўқимаслигини ҳал қилади.
Минимал ўтиш бали супер-контрактга таъсир қиладими?
Табақалашган тўлов-контракт (халқ тилида “супер-контракт”)нинг 3 хил даражаси бор.
1. Агарда абитуриентга ОТМга кириши учун 4 баллгача етмаган бўлса, супер-контракт тўлови нисбатан арзонроқ бўлади.
2. Ўқишга киришига 4 дан кўпроқ балл етмаган бўлса, минимал ўтиш бали (56,7 балл)гача ҳамма бир хил тўловни амалга оширади. Йўналишларга қараб, бу сумма базавий контрактнинг 8, 10, 20 баробаригача бўлиши мумкин.
3. Ана энди 56,7 баллдан паст натижа кўрсатганлар ҳақида гапирсак, улар супер-контракт тўловининг белгиланган қийматидан 2 баробар тўлашади. Айтайлик, юриспруденциянинг супер-контракти базавий контрактнинг 25 баробаригача деб белгиланган бўлса, шунинг 2 баробари базавий контрактнинг 50 баробарига тенг бўлади. Минимал ўтиш балидан паст натижани кўрсатганлар 50 баробарлик “супер-мупер-контракт”ни тўлайди.
Демак, минимал ўтиш балининг чегараси супер-контрактга бевосита таъсир қилади.
Шу билан бирга, ногиронлиги бор шахслар учун ҳам минимал ўтиш бали аҳамиятли. Боиси, улар алоҳида ажратилган квотага киришса ҳам, 56,7 дан паст балл тўплашса, талабаликка тавсия этилмайди. Агарда бу кўрсаткичдан юқориси қайд этилса, давлат гранти асосида ўқишлари мумкин бўлади.
Маълумот учун, табақалаштирилган тўлов-контракт фақат 1-курсда тўланади, кейинги курсларда талабалар барча билан тенг, базавий тўлов-контракт тўлаб ўқишни давом эттиришлари мумкин. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)