
Калтакланган талаба ЎзЖОКУ ректори Шерзод Қудратхўжага салом бермагани сабабли самосуд қилингани ҳақидаги хабарлар рад этилган бўлса-да, талабани жазолаган университет масъулларидан бири ишдан бўшатилган.
Ижтимоий тармоқ ва Telegram-каналларда 9 сентябр куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ректорга салом бермагани учун талабани калтаклашгани ҳақида хабар тарқалди. Маълум қилинишича, талабага зўрлик ишлатганлар орасида Умид Фахриддинович исмли проректор ҳам бўлган.
Бу хабар талабалар орасида ва ижтимоий тармоқларда маълум бўлганидан сўнг, талабалар мазкур олий таълим муассасасининг Telegram'даги «Талаба мурожаати» номли гуруҳида маъмуриятга норозилик руҳида турли хил гапларни ёзишган, ходимлар эса бу ёзишмаларни ўчириб ташлашган, шунингдек, жабрланувчининг аккаунтини блоклаб, гуруҳга қўшилишини чеклаб қўйишган.
Бундан ташқари, ходимлардан бири талабаларга қарата гуруҳда ҳақоратомуз гапларни ёзишгани ва раҳбариятдан норози бўлганликлари учун талабалар сафидан четлатилишларини айтган, бироқ бу хабар ҳам кўп ўтмай ўчириб ташланган.
Алалоқибат гуруҳда барча талабаларнинг ёзиши тақиқлаб қўйилган.
Журналистлар гуруҳи ва ижтимоий тармоқда билдирилган талабанинг ректор Шерзодхон Қудратхўжага салом бермагани сабабли калтаклангани ишонарсиз экани, буни исботловчи факт йўқ, дея рад этилди. Бироқ талаба қандайдир сабаб билан калтаклангани бўлган воқеа. Бундан университет расмий баёнотидаги ходимларга нисбатан қўлланилган чоралар ҳам далолат бериб турибди.
Воқеа юзасидан университет Одоб-ахлоқ комиссиясининг баёноти олийгоҳ расмий Telegram-каналида илиб қўйилди.
Унда маълум қилинишича, 10 сентябр куни ЎзЖОКУ Одоб-ахлоқ комиссиясининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда 9 сентябр куни университет талабаси Ж.Маҳмудов ҳамда университет ходимлари У.Рустамов, Х.Мирзаев, Ф.Очилов ўртасида бўлиб ўтган келишмовчилик ҳолати кўриб чиқилган.
«Ўрганишга кўра, университет ходими Х.Мирзаев талаба билан ўзаро қўпол муомала сабабли шахсий тортишувга боргани маълум бўлди. Вазият университет профилактика нозири Ҳ.Содиқов томонидан ўрганиб чиқилган ва шу куннинг ўзида томонлар ярашуви қарори қабул қилиниб, масалага ечим берилгани аниқланди», – дейилади хабарда.
Аммо ярашув қарори қабул қилинганига қарамасдан, университет ички меҳнат тартиби қоидалари бузилгани юзасидан чора кўрилиши лозим деб топилган.
«Меҳнат кодексининг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораси, яъни ўз ваколати доирасидан ташқарига чиққанлиги сабабли Х.Мирзаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», – дейилади хабарда.
Бошқа ходимлар – У.Рустамов ва Ф.Очиловга нисбатан ҳайфсан интизомий чорасини қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган. Шунингдек, университет раҳбариятига ўз вақтида хабар бермагани сабабли профилактика нозири капитан Ҳ.Содиқовга нисбатан тегишли чора кўрилиши учун туман ички ишлар органига тавсия юборилган.
«Университет маъмурияти устоз-шогирд анъаналари, талабалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жамоада ўзаро ҳурмат каби қадриятларга қатъий риоя қилади», – дейилади ЎзЖОКУ баёнотида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар