11:29 / 14.09.2022
1 875

Самарқандга ШҲТ саммити олдидан олий даражали меҳмонлар етиб кела бошлади

Самарқандга ШҲТ саммити олдидан олий даражали меҳмонлар етиб кела бошлади
Айни кунларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа нигоҳи, эътибори Самарқандга қаратилган. Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бу қадим шаҳарда ўтказилиши туфайли жуда кўпчилик Самарқанд сари ошиқмоқда.

Самарқанд бу муҳим тадбирга тўла тайёр. Бугун, 14 сентябрдан бошлаб хорижий меҳмонлар, давлат раҳбарлари етиб кела бошлади. Илк меҳмон Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух бўлди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Самарқандда ўтказилган брифингда маълум қилишича, айни дақиқаларда БМТ бош котиби ўринбосари Розмари Ди Карлонинг ташрифи кутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, бугун Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг расмий ташрифи бошланади. У Самарқандга тушдан сўнг етиб келади, олий даражадаги музокаралар бугуннинг ўзида бўлиб ўтади. Учрашув якунида савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Шунингдек, бугун куннинг иккинчи ярмида Хитой раиси Си Цзинпин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровлар ҳам Самарқандга етиб келади. Қолган барча меҳмонлар ташрифи эса эртага, 15 сентябрь куни кутилмоқда.

Бу куни кўплаб икки томонлама музокаралар режалаштирилган. Кечга яқин ШҲТ саммити норасмий тадбирлари бошланади. Асосий тадбир 16 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида янги туризм марказидаги Конгресс ҳолда бўлиб ўтади.

Самарқанд саммити долзарб минтақавий ва глобал мавзуларга бой кун тартибига эга бўлиши, унинг якунлари бўйича ШҲТ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш имконини берувчи муҳим, тарихий аҳамият касб этувчи қарорлар ва ҳужжатлар бўлиши кутилмоқда.

Саммит ШҲТ ўзаро боғлиқликдаги дунёда очиқ ва кенг ҳамкорликни илгари сурувчи, давлатлар ўртасида дўстона, ўзаро тенг ҳуқуқли ва манфаатли серқирра алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилаётган нуфузли ташкилот эканини тасдиқлаб бериши кутилмоқда
” – дейди Шерзод Асадов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандга ШҲТ саммити олдидан олий даражали меҳмонлар етиб кела бошлади