10:39 / 28.11.2022
1 241

Орзу-ҳавас фронти...

Орзу-ҳавас фронти...
Фарзандларимизга тарбия беришда ғурурли, ориятли, ҳамиятли бўлишни ўргатамиз. Боламиз намуна сифатида бизни кўради. Бизга эргашади. Биз тўғри йўлда бўлсак, у ёғи равон.

Лекин ўзбекмиз, ўзимизга бекмиз деган гапимиз келин олгунча... Нотўғрими? Келин оладиган уйни бўшатиб, гилам-парда ёйдирамиз. Мебель ҳақида гапирди-гапирилди. Куёвларни сал ўзгартиришга эришилди. Лекин мебелдан бошқа майда-чуйдаларчи?

Мен келин олганимда қизнинг ўзини сўрайман, дегандим. Эски қолипни буздим. Ўзи ясаб олинган одат – бидъатларни бузишни яхши кўраман. Ўзим бир сандиқ китоб билан кириб келгандим. (Кўпчилик мени аҳмоқ деб ўйлаган). Келинимнинг ҳам сарпосининг олди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китоби бўлди. Кейин бошқалари.

Кеча ҳамкасбимга келиним оғироёқлиги, туққанида қовурдоқ олмаслигимни айтсам, олишингиз керак, деди. Нега десам, қоидаси шунақа деди. Бу қоидани ким ёзган? Олмайман, вассалом. Ўғлимга аравачадан тортиб барча лаш-лушларни олдириб қўйяпман.

Кеча нохуш хабар эшитдим. Фарғоналик келиннинг эри отаси 100 эмас, 50 доллар суюнчи пули бергани учун қийин-қистовга олган. Дардини отасига айтолмаган келин каналга ўзини ташлаган. Балки ёлғон хабардир. (Илоҳим ёлғон бўлсин). Нима бўлганда ҳам куёвларнинг “ставкаси” борлиги рост. Буни кўпчиликдан эшитганман.

Қудалар ўзаро тилла алмашиши, бунисининг олгани бунисига ёқмаслиги, сарпо-суриқ овора-тоғоралар шунчалар аёллар ҳаётига сингиб кетганки буни қонун-қоида даражасига олиб чиқиб олишган. Натижада қўйди-чиқди, ажрим... айтаверсам гап кўп.

Мақсадимиз, икки ёшни никоҳлаб, уларнинг бахтини кўриш эмас, ўзимизни кўз-кўзлаш, бировдан кам келмаслик учун сарпо қилиш, суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаш бўлиб кетган. Эркаклар, йигитлар бели майишиб кетди, тўй-маърака деб. Бўлди-да энди.

Эркаклар ҳам столга мушт уриб, айтганини қилдирсин.

Келин томон бунча нарса берсин, отанг бунча доллар берсин. Ҳов, ўғил бола, зурриёд сизники. Сизга қизини бериб, ота-онангизга хизмат қилдириб қўйган, невара кўрдик, деб сўрғичидан бешиги-ю аравасигача хонадонингизга ташиган қайнотангизни ўзингиз қайтаринг, эркак бўлсангиз. Шу аҳволимизга мусулмонмизми?

Қизим янги келин бўлган кунлар эди. Уйга меҳмонга келганида эски кийимларини бир сумка қилиб олиб чиқиб кетаётганда куёвимиз кўриб қолиб, ота уйингдан энди ҳеч нарса олиб кетмайсан, деб уришган. Эски кийимлари эканини айтсак, синглиси кийсин, деб опкетмаган. Шу қудаларимиз ўзи биз томонни қийнамай енгилгина ош берган, ихчамгина тўй қилган. Бешик тўйни 12 киши билан қилиб, ўзлари араваю тақир-туқир олган ҳам шулар эди. Ўғлини эркак қилиб тарбиялаган қудаларимни доим дуо қиламан.

Лекин бу бир-икки ҳолат оммалашмайди. Токи...

Токи, “тренд”даги одамлар оммалаштирмаса. Фалон одам бунақа тўй берди, фалоон одамнинг тўйидамиз, деб ижтимоий тармоқларда тарқатиш ўрнига яшириш керак. Аслида тўйларнинг шоулашиши ҳам машҳурларнинг тўйларининг диски тарқаб, ҳамма маҳлиё бўлиб кўришидан бошланган эди. Энди машҳурлар ўрнак бўлиб, қисқартириб берсин. Жамият кўзи олдидаги одамлар бир кунда турли соатларда турли тоифадаги одамларга ош берса, тўйларига келган таниқлилар таниқлиларни реклама қилса... Бунақаси кетмайди.

Халқнинг кўзи ялтираган нарсага ўч. Таниқлининг топиши шоу-тўйга етиб ортиб қолади. Шуни бирор камбағалга берса, деб ўтираверамиз. Тўй қилмагандаям бермайди. Лекин бошқаларнинг кўзини ўйнатиб бошлаган ишига одамлар эргашар экан, ҳали бери ўнгланмаймиз. Бошқалар ҳам истаб қолади, ижтимоий сайтларда тўйлари шов-шув бўлишини.

Болаларимизни ўзгартирмоқчи, турмуш тарзимизни изга солмоқчи бўлсак, ўзимизни ўзгартирайлик. Фарзандларимиз ҳамиятли бўлиб улғайсин. Эгнида қайнота олиб берган чопонни кийволиб, қизига зуғум қилишдан уялсин.

Қани раҳбарлар тўйга бормайди, деган чақириқлар? Қани тўйларни қисқартириш ҳақидаги қаторқатор буйруқлар? Аслида ким нима қилса, қанақа орзу-ҳавас қилса қилавермайдими, менга нима дейману, барибир шу орзу-ҳаваслар деб қўйди-чиқди, ажримлар кўплиги, ота уйига қайтиш номусидан ўлимни афзал билиб жонига қасд қилаётган келинлар (уларни оқламайман) кўпаймаяптими?

Машҳурлар билан бошланган асъасаларни бирор машҳур чиқиб тўхтатиб берсин. Бўлмаса одамлар тўй деб ўлаяпти. Фронт бўп кетди тўй масаласи. Тўй қилиш учун ишлагани четга кетди, уй қилиш учун четга ишлагани кетди...

Ўқиб, билим олиш учун, миллат равнақига ҳисса қўшиш учун боришсин четга. Умрлар увол бўп кетди-ку. Болалар телефонда танимасин оталарини. Ҳали оқ ўрар овора-тоғора, ҳали фотиҳа овора-тоғора. Тўй эса...

Бошқа ёзолмайман...
Манзура Шамс

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият