
Ўзининг иқлим шароитидан келиб чиқиб, Бухоро воҳаси тупроғининг шўрлиги ва ерости қатламининг захланиши билан бошқа ўлкалардан фарқланиб туради. Шу боис, шўр тупроқда яшилланиш даражаси нисбатан паст ва бор-йўғи, икки-уч метр чуқурликда ҳам зах сувлари сизиб чиқишини кузатиш мумкин.
Айнан Бухоро воҳаси тупроғидаги инжиқлик сабаб шаҳар ҳудудларида мавжуд ерости йўллари зах сувларига тўлиб, намланиб, чўкиши оқибатида улар кўмилиб, фаолияти тўхтатиб қўйилган.
Автомобилларнинг кескин суратда кўпайиб бораётгани эса Бухоро воҳасида ҳам одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун еростидан ўтиш йўлларини тиклаш мажбуриятини оширди.
Бухоро вилоятида содир бўлаётган автоаварияларнинг олдини олиш, одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида – халқаро аҳамиятга эга йўлларнинг серқатнов қисмларида еростидан ўтиш йўлларини барпо этиш лойиҳаси амалда иш бошлади, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.
Маълум бўлишича, М-37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» халқаро автомобиль йўлининг 264-километридан йирик «Карвон» буюм бозорига ўтувчи манзилда ерости ўтиш йўли тиклаш ишлари бошланган. Худди шундай еростидан ўтиш йўли Бухоро туманидаги «Работак» манзилида ҳам барпо этилмоқда.

«Одамларнинг саломатлиги ва қимматли умри биз учун муҳим. Йўлнинг бир томонида бозор, бир томонида институт жойлашган. Қолаверса, ушбу манзил йўлнинг Бухоро шаҳрига киравериш ҳамда халқаро аҳамиятдаги қисми бўлганлиги боис, автомашиналар ва пиёдалар қатнови жуда юқори эканлиги инобатга олинса, ерости пиёдалар ўтиш йўлагининг қурилишига зарурат борлиги аёнлашди. Ўйлаймизки, бугунги кунда Бухоро тупроғидаги захлик ва юқори даражадаги намлик таъсири янги барпо этилаётган еростидан ўтиш йўлакларига таъсир кўрсата олмайди», - деди қурилиш жараёнлари кечаётган манзилга келган вилоят раҳбари Ботир Зарипов.
Ботир Зарипов ерости йўли қурилишини олиб бораётган «Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси бунёдкорлари мутасаддиларига қурилиш жараёнларида сифатга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб, уларга қатъий топшириқ ва тавсиялар берди.

Билдирилишича, мазкур пиёдалар ерости ўтиш йўлининг узунлиги 32 метр, кенглиги 4,5 метр бўлиб, баландлиги 2,5 метрдан иборат. Қурилишда 250 куб метр бетон, 20 тонна арматура, 1000 метр квадрат гранит ва бошқа қурилиш материаллари ишлатилиши кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида: Бухорода мустақиллик давридан буён иқлим шароити, зах ва намликнинг юқорилиги боис, ерости ўтиш йўллари тикланмаган. Мавжудлари ҳам кўмиб юборилган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар