
Саудия Арабистони яна 8 та давлат фуқаролари учун қиролликка кириш визасини электрон виза портали орқали олиш имкониятини очди. Ушбу давлатлар фуқаролари, шунингдек визани қироллик портлари ёки чегараларида ҳам олиши мумкин.
Қироллик туризм вазирлигининг маълум қилишича, визалар беришни кенгайтириш мақсадида очилган ушбу тизимдан эндиликда жами 57 та давлат фуқаролари фойдалана олади. Ушбу мамлакатлар қаторига Албания, Малдив ороллари, Озарбайжон, Грузия, Жанубий Африка, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам қўшилди.
Бунга қадар МДҲ мамлакатларидан фақат Россия, Украина ва Қозоғистон фуқароларида шундай имконият бор эди.
Саудия Арабистони E-visa'си бир йиллик, кўп марталик кириш визаси бўлиб, сайёҳларга мамлакатда 90 кунгача бўлиш имконини беради.
Сайёҳлик визаси билан турли тадбирлар, саёҳат ва дам олиш, оила ва қариндошлар билан меҳмон сифатида ташрифи, шунингдек Умра зиёратини амалга ошириш мумкин.
Ушбу виза билан Ҳаж зиёрати қилиш мумкин эмас. Шунингдек, электрон виза қиролликда ишлаш ҳамда яшаш ҳуқуқини бермайди. Электрон виза муддати тугагач, уни янги муддатга расмийлаштириш мумкин.
Маълумотларга кўра, виза нархи 146 долларни (550 риёл) ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2023 йил 1 январдан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун қайтиш ёки учинчи давлатга жўнаб кетиш чипталарини тақдим этган ҳолда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!