Мажбурий ижро бюроси органлари иш юритувидаги ишлар орасида энг мураккабларидан бири болани отадан онага ёки онадан отага олиб бериш ва уларни учраштиришдир.
Шундай ишлардан бири бюронинг Оқолтин тумани иш юритувига қабул қилиниб, ижросини таъминлашга киришилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг буйруғида Н.Ахророванинг қарамоғида бўлган бир ўғил ва бир қиз фарзандлари билан даъвогар А.Мадирахимовни ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари кўришиб туриши белгиланган эди.
Аммо, фарзандлар онаси Н.Ахророва томонидан ҳар хил баҳоналар билан болаларни отасига кўрсатишдан бош тортиб келинган.
Давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари ва тушунтиришлари натижасида болалар отаси билан учраштирилди.
Ижро ҳаракатлари чоғида болаларнинг кўз ёшлари ота-она ўртасидаги совуқчиликни аритиб, уларнинг ярашишига туртки бўлди.
Икки тараф ҳам ҳаётлари давомида жиддий хатога йўл қўйганини ва норасида фарзандлари ота ёки онаси қаровисиз улғаймаслигини таъкидлаб, дарз кетган оилани қайта тиклашга аҳд қилди.
Ота-онанинг бу қарорини эшитган фарзандларнинг юзида бир зумда беғубор болакайларга хос қувонч пайдо бўлди.
Шу тариқа бюронинг иш юритувидаги яна бир ижро ҳужжатининг ижроси хурсандчилик билан тамомланди.
Бобур Дониёров
Бюронинг Оқолтин туман
бўлими давлат ижрочиси
