Planet 360 Info халқаро ахборот-таҳлилий порталида «Мақсад: нол очлик. Осиё ва Европа вазирлари ҳамда дипломатлари Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилади» сарлавҳали мақола италян, инглиз ва рус тилларида эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Унда шу йил 7-8 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция бўлиб ўтиши маълум қилинган. «Тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий ташкилотлар – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, Осиё тараққиёт банки вакиллари қатнашиши назарда тутилган», дейилади мақолада.
Материалда таъкидлашича, анжуман доирасида «Ўзбекистоннинг агро-озиқ-овқат салоҳияти» кўргазмаси ва Ўзбекистоннинг 1-Агро-озиқ-овқат инвестиция форуми бўлиб ўтади. «Форумда Германия, Италия, Исроил, Венгрия, Корея Республикаси, Полша, Озарбойжон ва Қозоғистондан 50 дан ортиқ компания иштирок этиши режалаштирилган», - деб ёзган Planet 360 Info.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!