Маккада хоразмлик аёл тилла тақинчоқлар ўғирлагани ҳақида ёлғон хабар тарқатган аёл жазоланди
Фото: Видеодан кадр
Хоразм вилоятида яшовчи бир гуруҳ аёллар Умра зиёратини амалга ошириш пайтида ўғрилик содир этгани ҳақида асоссиз хабарлартарқатилганди. “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” дастуридахабар берилишича, мазкур иш судда кўриб чиқилди.
Судда маълум қилинишича, 1974 йилда Хива туманида туғилган аёл ўзи тарқатаётган хабар ёлғонлигини била туриб, жабрланувчи фуқарони шарманда қилиш мақсадида уни зиёратга бориб, ҳамма намоз ўқиш учун масжидга кетган пайтида дўконларга кириб, ўғрилик қилгани ҳақида овозли хабар ва жабрланувчининг оиласи билан тушган расмини тарқатиб, туҳмат қилган. Тергов жараёнида аудиохабар ва Telegram’даги ёзишмалар судланувчига тегишли экани тасдиқланган.
Маълум бўлишича, жабрланувчи аёл яқин йилларда Саудия Арабистонига бормаган. Умра зиёратини 2019 йилда амалга оширган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи аёл Жиноят кодексининг139-моддаси(туҳмат) 2-қисми билан айбли деб топилди ва унга 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ҳукмда судланувчининг айбига иқрорлиги, чин дилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи ва жабрланувчи уни кечиргани инобатга олинган.