Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан бутун мамлакат бўйича табиий ва суюлтирилган газни етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимни барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ мутахассислари 24 соатлик режимда иш олиб боришмоқда ва юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишмоқда.
Ҳозирги вақтда табиий газ истеъмолчиларига “зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти. Бироқ айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Олис ҳудудларга суюлтирилган газ тўлиқ ҳажмда ва маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланган график асосида етказиляпти. Ҳудудларда авария ҳолатлари рўй берганда, мутахассислар жойига чиқиб уларни бартараф этишмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, ҳаво ҳароратининг пасайиши билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари томонидан табиий газга бўлган эҳтиёж ҳам ошмоқда. Хусусан, 1 декабрь куни ҳаво ҳарорати ўртача 10–15 даража иссиқни ташкил қилган бўлса, истеъмолчиларга жами 85,7 млн. куб метр, шу жумладан, аҳолига 49,1 млн, иссиқлик манбаи корхоналарига 5 млн, АГТКШларга 12,8 млн ва улгуржига 18,5 млн. куб метр табиий газ етказиб берилган.
12 декабрь куни ҳаво ҳарорати ўртача 10–22 даража совуқни ташкил этди, истеъмолчиларга жами етказиб берилган газ ҳажми 110,3 млн. куб метрни ташкил қилди ёки 29 фоизга ошган, шу жумладан аҳолига 78,5 млн ёки қўшимча 29,4 млн – 60 фоизга кўп, иссиқлик манбаига 6,4 млн ёки 1,4 млн – 28 фоиз кўп, АГТКШларга 6,1 млн ёки 6,7 млн кам ва улгуржига 18,4 млн. куб метр табиий газ етказиб берилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг