Бухоро вилоятида икки мансабдор устидан коррупциявий айб билан жиноят иши қўзғатилган.
Kun.uz манбасининг маълум қилишича, Марказий банкнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Эркин Мансуров ва Бухоро тумани собиқ ҳокими Хайрилло Жўраев ҳибсга олинган. Буни таҳририятга Бухоро вилояти прокуратураси ҳам тасдиқлади.
Манбанинг билдиришича, МБнинг Бухоро вилояти бўйича бошлиғи Эркин Мансуровга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
У жиноий гуруҳлар билан тил бириктириб, ноқонуний кредит ажратишга ёрдам берганликда ва қарийб 20 млн доллар миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштиришда иштирок этганликда гумонланяпти. Мансуров билан боғлиқ жиноят ишини Бош прокуратура тергов қиляпти
Эркин Мансуров 1979 йил 11 июлда Вобкент туманида туғилган. У 2021 йилнинг декабр ойи охирида Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Бунгача Ипотекабанк Бухоро вилоят филиали бошқарувчиси сифатида фаолият юритган.
Бухоро тумани собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев эса Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми "а" банди, , 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми "а" банди, 229-4-моддаси (ўзбошимчалик билан ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан, Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Жўраевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Хайрулло Жўраев 1973 йилда туғилган. Муқаддам “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси раҳбари бўлган, 2020 йилнинг декабр ойи бошида Бухоро тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 2023 йил июлида президент раислигидаги йиғилишда ўндан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимлари қаторида уни ҳам ишдан олишга кўрсатма берилганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг