Оқдарё туманининг собиқ ҳокими тадбиркордан 200 минг АҚШ доллари олаётганда ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, муқаддам Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани ҳокими лавозимида ишлаган шахс ва ички ишлар органларининг собиқ ходими ҳамда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ўзаро тил бириктириб, алдов йўли билан тадбиркорнинг ишончига кирган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани “Сурум” МФЙ ҳудудидан тикувчилик фабрикаси ташкил этиш учун бошқа бир фуқарога тегишли масъулияти чекланган жамиятга берилган 11,1 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 6 млн АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур уч нафар шахс Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида сўралган пул маблағидан 200 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг