13:36 / 07.05.2024
147

Тошкентда Давлат кадастрлар палатаси туман филиали бошлиғи 25 минг доллар олаётганида ушланди

Тошкентда Давлат кадастрлар палатаси туман филиали бошлиғи 25 минг доллар олаётганида ушланди
Фото: Видеодан кадр
ДХХ Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида қатор мансабдорлар пора олаётганида қўлга тушганини маълум қилди.

ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўштепа тумани прокурор ўринбосари ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбаридан 2000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, у туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, айблов хулосаси туман судига юборилган мактабгача таълим ташкилоти раҳбарига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаслигига ҳамда Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилмаслигига ёрдам бериши эвазига 3 минг доллар талаб қилган ва муқаддам 1000 АҚШ доллари олган.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, жорий йилнинг апрель ойида ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг давлат захирасига олинган 10 гектар ер майдонини фермер хўжалиги ихтиёрига қайтариб бериш ҳамда хўжаликнинг бажарилмаган ғалла экиш режасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2,5 минг доллар талаб қилади.

ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда агрофирма раҳбари сўралган пул маблағидан 1000 доллар ва 5 миллион сўм олган вақтида ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, талаб қилинган пул маблағидан 100 долларни олиб, қолган қисмини ўзида сақлаб туриши ҳақида агрофирма раҳбарига топшириқ берган вақтида Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари ашёвий далиллар билан ушланди. Таъкидлаш лозимки, агрофирма раҳбари фермернинг ушбу масаласини ҳал қилиб бериш бўйича аввалроқ 3 миллион сўм олган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг трансформаторини электр тармоғига улаб, тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига хизмат хонасида 40 миллион сўм миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ҳам процессуал тартибда ушланди.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт туман филиали бошлиғи ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, тумандаги 20 сотих ер майдонида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига, ўзининг хизмат хонасида 25 минг доллар миқдорида пора олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда Давлат кадастрлар палатаси туман филиали бошлиғи 25 минг доллар олаётганида ушланди