18:00 / 11.05.2024
708

Отаси томонидан шилқимликка учраган опа-сингил иши бўйича маълумот берилди

Отаси томонидан шилқимликка учраган опа-сингил иши бўйича маълумот берилди
Кадр: Telegram
Қашқадарёда ўсмир қиз онасининг ўлимидан кейин отаси у ва синглисига шилқимлик қилаётганини айтгани тўғрисида хабар берилганди. Болалар омбудсмани котибияти, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Қашқадарё вилояти ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан қизларга нисбатан содир этилган жисмоний ва руҳий тазйиқ ҳолатлари атрофлича ўрганилди.

Қизнинг мурожаатига кўра, 2008 йилда туғилган М.Ш. (қиз бола) ва 2010 йилда туғилган Н.Ш. (қиз бола)ларнинг онаси 2018 йилда вафот этган. Қиз онасининг ўлимидан сўнг, отаси Н.Р. унга нисбатан турли уятсиз-бузуқ ҳаракатлар, шилқимликлар қилиб, бир неча йил давомида муттасил калтаклаб ҳам келгани, турли ҳақоратлар билан унинг шаъни, қадр-қимматини поймол қилганини билдирган.

25 март кунидан бошлаб, М.Ш. ва Н.Ш. ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлгани сабабли Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида яшаган. Ишчи гуруҳ томонидан улар келгусида қайси қариндоши билан яшашни исташи бўйича фикрлари ўрганилган.

Жумладан, М.Ш. ва Н.Ш. билан суҳбат жараёнида улар отаси Р.Н. билан яшашни мутлақо истамаслигини билдирган. Қизларга кўра, отаси Р.Н. уларни мактабга юборишни истамай, таълим олишига тўсқинлик қилиши, турли қаттиқ жисмлар билан уриб келгани, заруратсиз оғир меҳнатга (рўзғорда кир ювиш машинаси бўлса-да, барча кирларни фақат қўлда ювишга) мажбурлашини айтган.

Шу билан бирга, қизларнинг айтишича, бувиси Л.Н. ҳам уларга турли тазйиқ ўтказган бўлиб, агар айтганини қилмаса, отасига урдиртириш билан таҳдид қилиб келган. М.Ш. ва Н.Ш. вафот этган онасининг опа-сингиллари бўлган икки нафар холаси уларни яхши кўришини айтиб, келгусида ана шу холаларидан бири билан яшашга истак билдирган.

Ҳозирда вояга етмаган М.Ш. ва Н.Ш.нинг энг устун манфаатларини таъминлаш учун ва ижтимоий вазиятини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида уларнинг Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланиш муддати тегишлича узайтирилган.

"Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан қизларнинг қариндошларидан қай бири улар учун яшаш ва таълим олиш шароитини таъминлай олиши ҳар томонлама ўрганилмоқда", — дейилади хабарда.

Шунингдек, қизларга бўлган номақбул муносабатга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўрганиш учун киритилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Отаси томонидан шилқимликка учраган опа-сингил иши бўйича маълумот берилди