19:43 / 21.05.2024
179

Ўзбекистон фуқаролари учун бу йилги ҳаж квотаси маълум бўлди

Ўзбекистон фуқаролари учун бу йилги ҳаж квотаси маълум бўлди
Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгиланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.

Қайд этилишича, “Ҳаж-2024” мавсумига пухта тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига етиб бориб, айни пайтда Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда, шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, юртдошлар учун барча шароитларни ҳозирлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонлик зиёратчилар учун ажратилган меҳмонхоналар шай ҳолатга келтирилган ҳамда юртдошларни кутиб олиш бўйича барча зарурий ишлар амалга оширилди.

Жорий йилнинг 23 майдан 7 июнь кунига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти: Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари орқали ҳожиларни Мадина шаҳрига юбориш ҳамда 22 июндан 12 июлга қадар Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади.

Маълумот учун: зиёратчилар Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Pullman” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида эса “Абраж ал-Дана”, “Ал-Аям Elite”, “Дали Hotel”, “Нажма Ал-Саад”, “Open Hotel”, “Шуеае Нозҳа Hotel”, “Аед Ал-Саҳа” меҳмонхоналарида яшайди.

Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, ибодатларни эмин-эркин ҳамда тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали ишчи гуруҳ, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2024” визаси бўлиши шарт. Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар — умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳаж мавсуми 2024 йил 23 майдан бошланишини эълон қилди. Республикадан Саудия Арабистонига шу йил 7 июнга қадар ҳар куни авиақатновлар амалга оширилади.

Мамлакатнинг 10 та ҳудудий аэропортидан тўғридан тўғри Тошкент—Мадина, Бухоро—Мадина, Наманган—Мадина, Фарғона—Мадина, Самарқанд—Мадина, Қарши—Мадина, Термиз—Мадина, Урганч—Мадина, Нукус—Мадина ва Навоий—Мадина авиарейслари орқали зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон фуқаролари учун бу йилги ҳаж квотаси маълум бўлди