19:56 / 10.06.2024
71

Уй-жой соҳасида “аҳоли—бошқарув компанияси—коммунал ташкилот ва пудратчи” занжири яратилади

Уй-жой соҳасида “аҳоли—бошқарув компанияси—коммунал ташкилот ва пудратчи” занжири яратилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент раислигида бўлиб ўтаётган йиғилишда республикадаги 39 мингга яқин кўп қаватли уйга 819 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатаётгани таъкидланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Солиқ имтиёзи, арзон кредит берилгани, эски қарзлар “музлатилгани” ҳисобига улар оёққа тураётгани таъкидланди. Бир йил олдин 133 та бошқарув компанияси “оғир” тоифада бўлган бўлса, ҳозир бундай компания қолмади.

Натижада йил бошидан 2 минг 100 та кўп қаватли уй таъмирланди, 1 миллионга яқин дарахт ва гул кўчатлари экилди. Бу борада Андижон, Сурхондарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сезиларли ўзгаришлар бўлди.

Йиғилишда ҳамма жойда ҳам одамлар уйларни бошқариш сифатидан рози эмаслиги қайд этилди. Кўплаб бошқарув компаниялари фақат кўчаларни супуриш ва тозалаш, жорий таъмирлаш билан чекланаяпти. Лекин уйлар атрофини ободонлаштириш, том, ички ва суғориш тармоқларини соз ҳолда сақлаб туриш каби асосий вазифалар эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Яқинда бошқарув компаниялари хизмати учун тарифнинг энг кам миқдори белгиланди. Энди бошқарув ва эксплуатация сифати ҳам шунга яраша бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Бошқарув компаниялари аҳоли ва коммунал ташкилот ўртасида “кўприк” бўлиши кераклиги қайд этилди. Бундан буён икки йилдан ошмаган уйларда, яъни кафолат муддатида муаммо чиқса, пудратчи билан бирга уларни бартараф қилишга масъул бўлиши белгиланди.

Уй-жой коммунал соҳа мутасаддиларига “аҳоли – бошқарув компанияси – коммунал ташкилот ва пудратчи” занжирини яратиш топширилди.

Кўп қаватли уйлар сейсмо-конструкциясига ноқонуний ўзгартириш киритиш ҳолатлари кузатилаётгани, янги кўп қаватли уйларда бино чўкиши, ундаги ёриқлар, шўрланиш ва сифат бўйича аҳолидан эътирозлар бўлаётгани қайд этилди.

Масъул ташкилотларга уйлар хавфсизлиги ва инфратузилма сифати бўйича пудратчилар мажбурияти бажарилишини қатъий назоратга олиш, конструкцияни ноқонуний ўзгартириш ҳолатларини эрта аниқлаш тизимини жорий қилиш топширилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уй-жой соҳасида “аҳоли—бошқарув компанияси—коммунал ташкилот ва пудратчи” занжири яратилади