14:32 / 11.07.2024
82

Омбудсман: Фуқаролар ўртасидаги низоли масалалар кўриб чиқилмайди

Омбудсман: Фуқаролар ўртасидаги низоли масалалар кўриб чиқилмайди
Фото: “Дарё”
Инсонлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англагани сари бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича масъул идораларга мурожаат қилиши кўпайиб боради. Ўзбекистонда Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институти сифатида фаолият олиб боради.

Омбудсман ахборот хизмати “Дарё”га Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти нималардан иборатлиги хусусида тушунтириш берди.

Омбудсман сўзи — бугун ривожланган ва ривожланаётган давлатларда “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи” сифатида тушунилади. Яъни қонун ҳужжатларининг ижроси бўйича давлат органлари устидан назорат олиб боради.
Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, Омбудсман институтлари ижро органлари ўз вазифалари қай тарзда самарали бажараётганини фуқаролар мурожаатлари орқали ўрганиб, бу ҳақда ҳукуматни хабардор қилади.

Омбудсман лавозими 190 дан ортиқ мамлакатларда жорий этилган. Уларнинг ваколат вазифалари бир хил. Омбудсманлар фуқаролар мурожаатларининг кўриб чиқилиши бўйича давлат органларига тавсиявий характердаги таъсир чораларини киритишади.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасига кўра, вакил Ўзбекистон фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Яъни ҳуқуқларингиз бузилса, аввал ушбу соҳани тартибга солувчи тегишли вазирлик ва идорага ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз керак. Чунки улар ўз фаолиятлари доирасида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга масъулдирлар. Агар фуқаро Республика даражасида фаолият юритувчи мансабдор шахсларгача чиқиб ҳам ўз мурожаати билан боғлиқ муаммони ҳал эта олмаса ёки мурожаати етарлича эътиборга олинмаса, Омбудсманга мурожаат қилиши мумкин.

Омбудсман фуқаролар ўртасидаги низоли масалаларни кўриб чиқмайди. Бу каби масалалар суд тартибида кўриб чиқилади. Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.

Вакил фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича давлат ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар, фуқаролар манфаатида судларга давлат божи тўламасдан даъво аризалари ҳамда Ўзбекистон Конституциявий судига қонун ҳужжатлари ва уларнинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан масалалар киритиш ва бошқа ҳуқуқига ҳам эга. Конституцияга мувофиқ Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида парламент қуйи палатасига киритиш ҳуқуқи берилган.

Хорижий тажрибага назар солсак кўплаб давлат Омбудсманлари нафақат озодликда, балки, озодликдан маҳрум этилган шахсларга яратилган шароитларни ҳам мониторинг қилади.

Омбудсман ҳузурида 2019 йилда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилган. Шундан буён, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган фуқаролар шароитларини ўрганилиб, улар мурожаатлари ўрганилади.

Хулоса ўрнида айтганда, Омбудсман институтларнинг фаолияти давлатнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Омбудсман: Фуқаролар ўртасидаги низоли масалалар кўриб чиқилмайди