19:00 / 10.08.2024
194

Остонадаги тадбирлар тафсилотлари: Марказий Осиё ягона иттифоқ томон бурилди

Остонадаги тадбирлар тафсилотлари: Марказий Осиё ягона иттифоқ томон бурилди
Халқаро аэропортда Мирзиёевни шахсан Тўқаевнинг ўзи кутиб олди. Асосий тадбирлар Остона шаҳридаги президент қароргоҳи – Оқ ўрдада бўлиб ўтди. Даставвал расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. Икки давлат мадҳиялари янгради. Сўнгра одатга мувофиқ, тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди. Президент Мирзиёев самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамият касб этиши, стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари энди сифат жиҳатидан яна бир поғона кўтарилаётганини айтди.

Протоколга кўра, тор доирадаги музокаралардан кейин одатда кенгайтирилган тартибда музокаралар бўлиб ўтарди. Лекин икки президент ташаббуси билан бу гал раҳбарлар раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди. Мирзиёев аввало халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш, умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлигини таъкидлади. Товар айирбошлаш ҳажмини эса яқин йилларда 10 млрд. долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шу мақсадда ой охиригача алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда бозорларни ўзаро шакллантириш, мавжуд чекловларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади. Ташриф олдидан ўтган бизнес форумда эса 7 млрд долларлик салмоқли келишувлар имзолангани ҳам маълум қилинди. Шунингдек, минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом этиши билдирилди.

Қозоғистон президенти Мирзиёевни давлат Олий ордени “Олтин қирон” билан тақдирлади.

Остонада Ўзбекистон Президентининг сафаридан ташқари, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг 6-Маслаҳат учрашуви ҳам режаланган эди. Минтақанинг 5 давлатидан ҳам Президентлар Остонада тўпланишди. 6 йил аввал, айнан Остона шаҳрида ушбу мулоқотга асос солинганди. Президент Мирзиёев бу тадбирда сўзга чиқаркан, минтақа дунё учун тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. “Марказий Осиё плюс” форматлари бунга далолат эканини қўшимча қилди.

Қозоғистон Президенти Тўқаев ҳам Марказий Осиё давлатлари энди мудофаа соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришини гапирди. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон эса глобал таҳдид ва хавфларнинг кучайиши фонида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқ тартибот идоралари ўртасида яқин ҳамкорлик механизмларини яратишни таклиф қилди. Шунингдек, Раҳмон дунёда тез ўзгаришлар юз бераётган саҳроитда Марказий Осиё келажаги бўйича ягона позицияни шакллантириш зарурати борлигини ҳам айтди.

Маслаҳат учрашуви якунида эса Президентлар Марказий Осиё келажаги учун умумий ҳужжатларга имзо чекишди. Минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантриишдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлат раҳбарларининг фахрий нишони Ўзбекистон Президентига топширилди.

Режага мувофиқ Остона шаҳрида яна Марказий осиё – Япония мулоқотининг давлат раҳбарлаир даражасидаги саммити бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, Япониядаги кучли зилзила ва цунами эҳтимоли ортидан Бош вазир Фумио Кишида Остона ва Тошкент, шунингдек, Мўғулистонга сафарини ҳам бекор қилди. Президент Шавкат Мирзиёев шу куннинг ўзида Кишида билан гаплашиб, уни тўлиқ тушунишини айтди, ташриф ва саммит янги санага яқин фурсатларда белгиланишига келишиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Остонадаги тадбирлар тафсилотлари: Марказий Осиё ягона иттифоқ томон бурилди