21:30 / 02.09.2024
7

Ислом Каримов билан боғлиқ қизиқ воқеалар...

Ислом Каримов билан боғлиқ қизиқ воқеалар...
Қайси даврда бўлмасин, подшоҳлар, султонлар, давлат раҳбарлари билан боғлиқ воқеа ва ҳодисалар халқ учун жуда қизиқ бўлиб келган. Масалан, машҳур саркарда, улкан империя асосчиси, македониялик Александр Македонский ва фақирона ҳаёт кечирувчи файласуф Диоген учрашуви ёки Ҳорун Ар-Рашид ҳамда унинг бош вазири Жаъфар ўртасидаги диалоглар ҳикоя тарзида бугунги кунгача сақланиб қолинган.

“Дарё” Ўзбекистон биринчи президенти, марҳум Ислом Каримов хотирасига бағишлаб, давлат раҳбари билан боғлиқ бўлган қизиқ хотираларни бевосита воқеа иштирокчиларининг тилидан бир мақолага жамлади.

Ислом Каримов ҳақида гап кетар экан, марҳум давлат раҳбарининг қўл остида ишлаган инсонлар у кишини қаттиққўл, ўжар, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ва ҳатто душман орттиришдан ҳам чўчимайдиган, шу билан бир қаторда, мамлакат манфаатини биринчи ўринга қўювчи инсон сифатида таърифлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Муслимбек Йўлдошев Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларни ёдга олар экан, 1994 йилда самолётда содир бўлган кутилмаган қизиқ воқеани тилга тилга олди.

— Аниқ эсимда, 1994 йил эди. Ўша йили қиш яхшигина келганди. Бу қўшни мамлакатларда озгина муаммоларни келтириб чиқарди. Ўша вақтларда Қирғизистон президенти Асқар Акаев Ўзбекистон раҳбарини ўз юртига таклиф қилди. Шоли орасида курмаклар ҳам сув ичиб қолди деганларидек, биз ҳам шу баҳонада делегация таркибида Қирғизистонга бордик. Боиси икки мамлакатнинг санъаткорлари иштирокида катта концерт ташкил этилиши режа қилинган эди. Шу концертга Дилором Умарова ва камина бошловчи бўлиб бордик.

Ўша пайтда давлатимизнинг қўли сал калтароқ эди. Давлат ташрифларида санъаткорлар ва вазирлар президент билан бирга Ту-154 русумидаги битта самолётда учарди. А классда президент ва вазирлар, Б класс (яъни самолётнинг орқа қисми)да эса санъаткор ва созандалар ўтирар эди.

Бизни Қирғизистонда жуда қайноқ, ҳароратли тарзда кутиб олишди. Аммо концерт бўладиган жой жуда кичик ва совуқ экан. Расмийлар учрашувлар якунига етгач, икки давлат санъаткорлари иштирокида гала-концерт бошланди. Давлат раҳбарлари — Асқар Акаев ва Ислом Каримов залда ўтирган ҳолда концертни томоша қилишар эди. Бир маҳал Ислом Каримовни саҳнага таклиф этишди ва саҳнага оппоқ гижинглаган от олиб чиқишди. Мен ўшанда биринчи марта саҳнага от олиб чиқилганини кўрганман.

Ислом Каримов
Фото: Регнум

Оқ отни Ислом Каримовга бериб, кўкракларига “Руҳоният” (халқлар ўртасида тинчлик ва тотувлик учун медал ва диплом — Wikipedia.) медалини тақиб қўйишди. Шундан сўнг концерт яна давом этди. Концертда Ғуломжон Ёқубов дўстлик ҳақида қўшиқ куйлади. Қўшиқ шу даражада маҳорат билан ижро этилдики, эшитган одам маза қилар эди. Концерт охирида Ислом Каримов саҳнага чиқиб, барча санъаткорларнинг қўлини бирма-бир сиқиб қўйди. Шу билан концерт тугади. Биз кийимларимизни алмаштириб, самолётда давлат раҳбарини кутиб турдик.

Президент аэропортга келгач, самолёт Тошкент томон парвоз қила бошлади. Бир маҳал кутилмаганда биз ўтирган хонага шаҳд билан Ислом Каримов кириб келди. Яхши эслайман, мен 1-1,5 метр масофа узоқлигида давлат раҳбари билан юзма-юз туриб қолдим. Ўшанда Ислом аканинг кафиятлари жуда зўр эди. Шунда президент эшикка суяниб, бизга қараб “концерт зўр бўлди-а” деб савол берди. Биз бўлса “ҳа, яхши концерт бўлди” дея ҳаммамиз жавоб қайтардик. Кейин у киши бизга қараб “тиланглар тилакларингни” дедилар. Бу кутилмаганда содир бўлди. Барча жим бўлиб қолди.

Мен эса “нима сўрасам экан” деб ўйлаб қолдим. Лекин ҳамон самолётнинг ичи жим эди. Бир фурсат ўтиб, Ислом Каримов “нега жимсизлар, кимнинг нима тилаги бор, тиланглар” деб айтдилар. Яна ҳамма жим. Шунда давлат раҳбари “президент бошқа сизлар билан бундай кайфиятда учрашмайди, қайтиб бу гапни гапирмайман”, дедилар. Ҳеч ким миқ этмади.

Ислом ака ҳаммага бир назар солдилар-да, кўзлари Ғуломжон Ёқубовга тушиб қолди. У киши Ғуломжон Ёқубовни қаттиқ қучоқлаб, концертда айтган қўшиқлари жуда маромида бўлганини айтиб, қўшиқдан руҳлари кўтарилганини гапириб бердилар-да, ўзлари ўтирадиган жойга чиқиб кетдилар. Энг қизиғи, ўша вақтда ҳеч ким давлат раҳбарига “менга у керак, менга бу керак”, дея гапирмаган эди.

Журналист Комилжон Шамсиддинов “Дарё”га ўз хотираларидан ҳикоя қилиб берар экан, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ва Ислом Каримов ўртасидаги ўзаро бир нечта ҳазилларни эслади.

Дарвоқе, Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида қисқача: У 1990 йилдан 1992 йилгача президент девонида масъул ходим, 1992 йилдан 1993 йилгача, сўнгра 1999—2002 йилларда Ўзбекистон республикаси миллий ахборот агентлиги бош директори, 1993 йилдан 1999 йилгача Ўзбекистон президентининг матбуот котиби каби лавозимларда фаолият олиб борган.

Устоз Мурод Муҳаммад Дўст ҳам саройда ишлаган чоғларида каттага ҳазил қила олиш, шунинг воситасида ўртадаги расмийлик пардасини кўтариб, фикрини самимий билдириш имконига эга одам эди. Лекин холисаннило айтганда, ўша ҳазил-ҳузуллар билан талай савоб ишларга ҳам йўл очилган.

Байрам баҳона ёппасига мукофот улашар кунларнинг бирида тақдирланадиган одамлар рўйхатининг қуйруқроғига замонамизнинг етук алломаларидан бири (ҳозир раҳматли бўлиб кетди, номини айтмай қўя қолай) ҳам илиниб қолади. Оқсоқол уларнинг муносиб ёки йўқлигини билмоқ учун Мурод акани чақириб, келиб-келиб айнан ўша одамнинг кимлигини сўраган.

— Уми? У ғирт тентак, Ислом ака.

— Масхарабозлик қилма. Мен сендан тўғрисини сўраяпман.

— Тентак деяпман-ку сизга.

Кўзойнак ечилиб, каттанинг жаҳли чиқа бошлайди. Учинчи бор яна ўша гапни қайтариш хавфли, балоларга қолиб кетмоқ тайин.

— Тентаклиги шундаки, ўзи Чилонзорда, 3 хонали “хрушчевка” уйда яшайди. Униям икки ярим хонасини китобга тўлдириб ташлаган. Ўғли 30 га киряпти-ю, ҳали уйлантиролгани йўқ. Шунақа тентак-да у...

Раҳбарнинг юзидаги жаҳл табассумга айланганини ўзиям сезмайди.

— Ҳа-а, бу “тентак”ка бериш керак экан унвонни, — дея фармонга имзо чекилади.

Мурод ака билан боғлиқ, афсоналарга қоришиб кетган бунақа гаплар кўпки, қайси бирини айтай. У киши сиёсий саҳнадан кетгач, англашимча, бу ўринга даъвогарлар йўқ эмасди. Лекин бирови эплолмади, бошқаси бемаврид ҳазил қилиб, саройдан узоқлаштирилди. Фаҳмимча, оқсоқолнинг ўзиям мавридини топиб қилинган ҳазилни ёқтирар, бутун вужуди билан, боз устига ғоят ярашиқли тарзда, самимий кулардики, бундан ўзиям, атрофдагилар ҳам яйраб кетишарди.

Шунингдек, Комилжон ака “Дарё”га Ўзбекистон биринчи президенти билан боғлиқ кўп қизиқ хотираларни сўзлаб берди. Хусусан, Ислом Каримов хорижий давлат раҳбарлари билан учрашувларда ўрни келганида дипломатик мулозамат-у илтифотни бир четга суриб, дангал гап айта оладиган, керак бўлса, қаттиқ жавоб берадиган одати бўлганини бир нечта мисоллар билан айтиб берди.

— Ўтган асрнинг 90 йиллари. Океан ортидаги қудратли давлатнинг янги тайинланган элчиси ишонч ёрлиғини топшириш учун Ўзбекистон президенти қабулига кириши керак. Кун-соат белгиланган, ҳамма нарса қабул учун шай, масъуллар қаққайиб саф тортиб турган. Аммо не кулфатким, элчидан дарак йўқ-да. Кўпчиликнинг хаёлида “Бу қандай бедодлик, бутун бошли мамлакат раҳбари элчини кутиб турса” деган гап. Нақ 10-15 дақиқадан сўнг тоқатларни тоқ қилган арзанда элчи ҳеч нарса бўлмагандек кириб келса, денг. Барчанинг — кимда қўрқув, яна кимдадир қизиқиш зоҳир бўлган юзида “Қани, президент бу кўнгилсизликка қай муносабат билдираркан”, деган иштибоҳ. Шунда Ислом Каримов салом-аликдан сўнг ҳеч ким кутмаган гап қилди:

– Сизга, жаноб элчи, нима совға қилсам экан, деб кўп ўйлагандим. Қарангки, мушкулимни ўзингиз осон қилдингиз. Камина сизга доим тўғри ишлайдиган, ҳеч қачон тўхтаб ёки бузилиб қолмайдиган соат совға қиламан...

Бу гапни эшитиб, элчининг шолғомдек қизариб кетган юзини кўрсангиз эди. Тўғри-да, ўзини билган, ҳурмат қилган одам, боз устига дунёдаги энг қудратли давлатнинг элчиси ўзлари камписандроқ ҳисоблаган бир давлат раҳбаридан шундоқ дашном эшитиб турса, қай ҳолатга тушиши мумкин.

Раҳматли гап келганда отасиниям аямаслик бобида давлат танлаб ўтирган ва ё қай бировининг андишасини қилиб, аяган эмас. Уммон орти бўладими, берироқдагими, ким бўлишидан қатъи назар, каттанинг ўзи, унинг ортидан эса, табиийки, Ўзбекистон шаъни-ю обрўсига соя солса, ўша заҳоти жавобини оларди.

Бир гал Масковга борганда, Кремлда, ўриснинг каттакони билан қизиқ, айни пайтда ҳайратланарли бир воқеа кечди. Уларнинг раҳбари ўша чоғларга келиб бир оз димоғ боғлаб улгурган чамаси, бизнинг делегацияни куттириб қўйди. Боз яна ўлганнинг устига чиқиб тепгандек, уларнинг протокол хизмати вакили бўлса керак, бир нарса деб шивирлаб кетди, шекилли, оқсоқолнинг юзига бир қон тепди-ю, билдирмади. Ҳартугул, бир оздан сўнг ниҳоят уларнинг гўёки “иши бошидан ошиб-тошган” каттасиям чиқиб келди — салом-алик, лутфбозлик. Бизнинг катта гапининг “бисмиллоси”даёқ ҳамкасбини таққа тўхтатиб:

Ҳозир протокол хизматингиздан одам келиб, Ўзбекистон делегацияси учун фалон вақт ажратилган, дея бизни огоҳлантирди. Биринчидан, бу вақт орасида аввалдан келишилган мавзуларни муҳокама қилишга улгуролмаймиз. Иккинчидан, у муаммолар ечими фақат бизга эмас, аввало, сизга кўпроқ керак. Башарти ҳозирдан минут санасак, ҳозирнинг ўзидаёқ лаш-лушимизни олиб, жўнаб кетишимиз мумкин, деди авзойи бузилган қиёфада.

Ана энди у томоннинг афт-ангорини кўрсангиз. Қизарди, бўзарди, хижолат тортди. Ҳартугул, журъат топиб, “Йўқ, Ислом Абдуғаниевич. Сиз билан биз, қанча керак бўлса, шунча гаплашамиз. Хотиржам бўлинг”, дея олди...

2005—2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти девони бош консултанти, 2008—2009 йилларда президентининг матбуот котиби вазифасида фаолият олиб борган Беруний Алимов “Дарё” билан суҳбатда, Ислом Каримов ортиқча хушомадгўйликни, лаганбардор инсонларни ёмон кўрганини эслаб, бир воқеани ҳикоя қилиб берди.

Бир вилоят марказидаги масжид очилишига бордик. Президент масжид имоми ва маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатлашиб бўлгач, кетиш учун эшик томон юра бошлади. Масжидга оёқ кийимлар ечиб кирилган эди. Ислом ака ўз оёқ кийимларини кийиш учун тараддудланиб, пойабзал кийиш учун махсус қўйилган қошиқни қўлларига олдилар. Бир маҳал ўрта ёшдаги бир одам келиб, давлат раҳбарига кўмаклашиш учун, у кишининг тирсагидан ушлади. Шунда Ислом ака оёқ кийимларини кийдилар-да, махсус қошиқ билан ҳалиги одамни бир уриб, масжиддан чиқиб кетдилар. У киши лаганбардорликнинг ҳар қанақа кўринишини ёқтирмас эди. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида 50 даража иссиқда шляпани кимнингдир қўлидан олиб киймаганлар, дея эслади Беруний Алимов.

Маълумот ўрнида, 2016 йил 28 август куни тушдан кейин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат раҳбари Ислом Каримовнинг аҳволи ёмонлашгани ҳақида расмий маълумот берган. 2 сентябрь куни Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов вафот этгани эълон қилинган.

Ислом Каримов ва Татьяна Каримова
Фото: “Дарё”


Ислом Каримов оила даврасида
Фото: “Дарё”

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ислом Каримов билан боғлиқ қизиқ воқеалар...