19:46 / 11.09.2024
32

Яна 50 минг гектар ер камбағал оилаларга бўлиб берилади

Яна 50 минг гектар ер камбағал оилаларга бўлиб берилади
Бир йил давомида яна 50 минг гектар ерни 100 мингта камбағал оилага бўлиб бериш режалаштирилган. Бу ҳақда камбағалликни қисқартириш бўйича президент селекторида маълум қилинди.

Таъкидланишича, бу ерларда “компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этилади.

Бунда, ердан уч хил даромад олинадиган янги тизим яратилади:
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи ва экспорт қилувчи катта компания камбағал оилалардан ерни иккиламчи ижарага олади;
  • ёки ер эгалари улушдор сифатида кооперацияга бирлашиб, компаниялардан буюртма олади ва топилган даромад улар ўртасида тақсимланади;
  • ҳар икки ҳолатда ҳам ушбу аҳоли ерда ўзи маҳсулот етиштириб, бунинг учун ойлик олади.

Яъни, камбағал оила ўзига берилган ердан янада самарали фойдаланиб, ойлик олиш билан бирга, ижара ёки дивиденддан даромад кўради”, дейилади расмий хабарда.

Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда бу орқали камида 200 минг аҳолини банд қилиш топширилди.

Йиғилишда айтилишича, умумий овқатланиш соҳасига берилган енгилликларга жавобан соҳадаги йирик брендлар қисқа муддатда Самарқанд, Андижон ва пойтахтда 2 минг одамга иш берган.

Икки йил аввал умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорларига ижтимоий солиқдан имтиёз берилган эди. Тадбиркорларга шу имтиёз яна 2 йилга узайтириб берилса, улар 150 минг эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлашга тайёр.

Айрим корхоналар колл-марказ ташкил қилиб, ҳозирни ўзида 2 минг нафар ногиронлиги бўлган аҳолига компьютер ва телефон олиб бериш орқали уларни уйини ўзида иш билан таъминламоқчи.

Хизматлар соҳасидаги тадбиркорлар камбағал аҳолини ишли қиламан деса, имтиёз муддатини яна узайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Ҳозир саноатда энг кўп иш ўрни яратадиган соҳа – тўқимачилик.

Тадбиркорлар 2 йил аввал тайёр трикотаж, бўялган мато ва газлама корхоналарига ижтимоий солиқдан берилган имтиёзни узайтириб беришни сўрамоқда.

Агар корхоналар камбағал аҳолини банд қилса, ўша ишчига ижтимоий солиқдан имтиёз яна уч йилга сақланиб қолади.

Ушбу имтиёз нафақат тўқимачиликка, балки барча соҳадаги корхоналарга берилади.

Бу имкониятдан фойдаланиб, тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал ва ҳунармандчиликда 120 минг, деҳқончилик ва чорвачиликда 120 минг, қурилиш соҳасида 25 минг, электротехникада 20 минг камбағал аҳолини ишли қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яна 50 минг гектар ер камбағал оилаларга бўлиб берилади