08:17 / 12.10.2024
25

Сергелидаги портлаш айбдорлари 5 йил муддатга қамалди

Сергелидаги портлаш айбдорлари 5 йил муддатга қамалди
Фото: “Дарё”
Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида 2023 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган портлаш воқеасида айбдор деб топилганларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда суд ишида қатнашган “Дарё” мухбири хабар берди.

2023 йилнинг 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида Inter Logistics МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш ва ёнғин содир бўлганди. Жабрланганларнинг умумий сони 163 нафар бўлиб, бир нафар ўсмир ҳодиса оқибатида вафот этганди. Кўп ўтмай мазкур иш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси ахбороти эълон қилинди ва 4 киши қамоққа олингани очиқланди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судья Дадабоева раислигида мазкур иш кўриб чиқилиб, 4 нафар судланувчининг ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмига кўра, Inter Logistics МЧЖ директори Ф.С. Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбли деб топилиб, икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Inter Logistics МЧЖ қўриқлаш (ҳарбийлашган, ёнғиндан сақланиш, қоровуллик) бошлиғи Ф.А. ҳам Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбли деб топилиб, у ҳам шу модда билан икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан, шунингдек, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фото: “Дарё”
Polychem МЧЖ директори С.Б. ва омбор мудири Н.К. ҳам Жиноят кодексининг айнан шу моддалари билан айбли деб топилиб, уларга ҳам 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маҳкумлар тайинланган жазони манзил колонияда ўташи белгиланди.

Фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган Stal Service МЧЖ, “Аки-Орт” МЧЖ ва Azimut Simersan МЧЖ шаклидаги хорижий корхонанинг судга киритган даъво аризалари қаноатлантирилди.

Жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга Inter Logistics МЧЖ ва Polychem МЧЖдан 282 миллиард сўм маблағ солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Сергели тумани, Қурувчилар даҳаси, Портлаш воқеаси, Айбдорлар, Суд ҳукми

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сергелидаги портлаш айбдорлари 5 йил муддатга қамалди