13
Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди: “Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар”
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Ижтимоий тармоқларда бош вазир Абдулла Ариповнинг Сурхондарё вилояти Бойсун тумани, аниқроғи “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони ҳамда унга яқин ҳудудда жойлашган Кофрун маҳалласида бўлиб қайтгани акс этган видео, суратлар тарқалди.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Арипов президент топшириғига биноан авария бўлган жойга 29 сентябр ва 11 ноябр кунлари борган ҳамда аҳоли билан мулоқот қилган.
“[Офатнинг] олдини олишимиз бўйича, авваламбор, ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Ҳамма чорасини кўрамиз. Мутахассисларни Америкадан ҳам, Европадан ҳам, ҳозир ҳам Россиянинг ўзидан энг яхши, мана шу соҳанинг билимдонларини олиб келганмиз. Бу заводнинг ишга тушиши нафақат Бойсун, балки вилоятнинг иқтисодиётини кўпайтиришга жуда катта таъсири бўлади”, – деган у.
Шунингдек, бош вазир маҳаллий яшовчиларни кўчириш масаласида ҳам гапирган. Унинг айтишича, бу борада одамларнинг ўзи қандай фикрда экани давлат раҳбарини ўйлантирмоқда.
“Ҳурматли президентимиз ОАВдан қараб борадилар-да, “оқсоқоллар билан гаплаш, улар нима деяпти, ростдан шунақа фикр борми-йўқми, одамлар кўчишга розими-розимасми”, – дедилар. Энди барибир одам ўрганган жойидан кетиши [қийин-да]. Мен бир нарса айтаман, филни 20 йил битта жойда занжир билан қозиқ қоқиб, бойлаб қўйиб, 20 йилдан кейин занжирни ечиб, қозиқни олиб ташласангиз, ўша ердан кетмайди. Биз ҳам шу”, – деган Арипов.
Суҳбат сўнгида ҳукумат вакили айни мавзудаги саволга жавоб олиш учун Бойсунга қайтиб келишини, оқсоқоллар билан қайта гаплашишини маълум қилган. Аммо муддати очиқланмаган.
“Ҳамма шароитларни яратиб бериш бу – давлатнинг иши, уни қилиб берамиз, ундан масала йўқ. Яна қайтариб айтяпман, ҳали олдингизга яна 2-3 марта келаман. Бўлмаса, маслаҳат қилиб айтасизлар”, – дея суҳбатни тугатган бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, Бойсундаги “М25” конида 2-авария содир бўлганига 60 кундан ошди. 9 ноябр куни конда яна портлаш юз бериб, бунинг натижасида кон оғзида улкан аланга ҳосил бўлганди. Воқеа фонида Kun.uz ҳозиргача вазият қандайлиги юзасидан материал эълон қилганди.
Унга кўра, ёнғин туфайли атрофга газ ҳиди тарқалиши камайган. Аммо бу қачонгача давом этиши номаълум. Кон атрофидаги қишлоқлардан кўчирилганлар тақдири номаълум бўлиб турибди. Улар ҳамон ўз уйларига қайтгани йўқ. Масъуллар ва пудратчи компания эса ҳануз сукутда.
Маълумот учун, 6 октябр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тузилган режа бўйича конни жиловлаш учун камида 2–3 кунлик тайёргарлик ишлари қолганини, қўшимча ускуналар олиб келиниб, уларни ўрнатиш жараёни кетаётганини айтганди. Агар бу сценарий иш бермаса, яна 2–3 ой вақт кетишини қўшимча қилганди.
Шундан келиб чиқсак, “М25” кони кейинги йил январ охирларига бориб жиловланиши мумкин. Унгача эса маҳаллий аҳолига ким ёрдам қилади, қишни қандай ўтказиб олади – ҳозирча номаълум. Бунга масъул вазирлик, идора, ташкилот ва пудратчи компания эса сукутда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди