date
views 69

Тадқиқот: транспорт шовқини стресс ва безовталикни кучайтиради

Тадқиқот: транспорт шовқини стресс ва безовталикни кучайтиради
Фото: Pixabay
Инсон фаолияти натижасида пайдо бўладиган шовқинлар, айниқса, автомобил ҳаракати товушлари стресс ва хавотирдан азият чекадиган кишиларни табиат овозининг ижобий таъсиридан маҳрум қилиши мумкин. Ғарбий Англия университети олими Пол Линтотт ва унинг Буюк Британия кўршапалаклар муҳофазаси жамғармасидаги ҳамкасби Лиа Гилмор шундай хулосага келди.

Маълумки, табиатдаги овозлар, хусусан, қушларнинг сайраши инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Улар қон босимини пасайтириш, юрак уриши ва нафас олиш тезлигини камайтириш, шунингдек стресс ва хавотир даражасини туширишга ёрдам беради. Айни пайтда, инсон фаолияти туфайли келиб чиқадиган шовқинлар, масалан, йўл ёки авиация шовқини, одамларнинг умумий аҳволи ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, акс натижа беради.

Янги тадқиқот доирасида 68 нафар кўнгилли талаба уч хил уч дақиқалик овоз парчаларини тинглади: Ғарбий Сассексда (Буюк Британия) тонг палласида ёзиб олинган табиат товушлари; худди шу ёзувга 32 километр/соат тезликдаги транспорт шовқини қўшилган иккинчи вариант; 64 километр/соат тезликдаги транспорт шовқини қўшилган учинчи вариант. Тажриба иштирокчилари аудиоларни тинглашдан олдин ва кейин ўз кайфияти ҳамда хавотир даражасини баҳолади.

Натижалардан маълум бўлишича, табиат овозларини тинглаш стресс ва хавотирланиш даражасини пасайтириши, шунингдек, стрессли вазиятдан сўнг кайфиятни тиклашга ёрдам бериши мумкин. Аммо йўл ҳаракати шовқинлари қўшилганда, ижобий таъсир анча пасайган. Стресс ва хавотирлар энг кўп камайган ҳолат соф табиат овозларидан иборат аудио тинглангандан сўнг кузатилди. Хавотирланиш даражаси эса соатига 64 километр тезликдаги йўл ҳаракати шовқинини ўз ичига олган парча тинглагандан кейин чўққига чиқди.

Тадқиқотимиз табиат товушларини тинглаш стресс ва ташвишни камайтиришини кўрсатди, бироқ антропоген шовқинлар бу ижобий таъсирни йўққа чиқариши мумкин. Шаҳарларда транспорт ҳаракати тезлигини пасайтириш табиат одамларнинг саломатлиги ва фаровонлигига фойдали таъсир кўрсатишини ҳис қилиш учун муҳим қадам”, — деб таъкидлади тадқиқот муаллифлари.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тадқиқот: транспорт шовқини стресс ва безовталикни кучайтиради