Менга, сизга гўзал, тинч, аммо дардли юртда яшаш насиб этган. «Дардли» сўзини танлашим бежиз эмас. Юртимизнинг тарихи, унинг кўп асрлик оғриқлари ва ўзгаришларини биладиганлар буни яхши тушунадилар.
Ижтимоий тармоқлар, бугунги кундаги ахборот оқими бу – икки қиррали қилич. Бир томонда, у бизга жамиятдаги муваффақиятлар ва ривожланиш ҳақидаги ижобий хабарларни етказиб беради, бошқа томонда эса, кўпчиликнинг азоб-уқубатлари, адолатсизлик ва зулм ҳақидаги хабарларни тарқатади. Бу икки томонлама ахборот оқими, бир пайтнинг ўзида ғурур ва умидсизликни, қувонч ва аламни ҳис этишимизга сабаб бўлади.
Бир томонда, юртимизнинг тараққиёти, ёшларнинг ютуқлари, кўплаб одамларнинг моддий ва маънавий фаровонлигидан фахрланаман. Дўстларимнинг муваффақиятлари, оилавий бахтлари, саёҳатлари ва янги уйлари ҳақидаги постлар менга илҳом беради. Бу ижобий тажрибалар менга ўз ҳаётимни яхшилашга, мақсадларимга эришишга ундайди. Масалан, яқинда дўстимнинг уйидаги замонавий таъмирлаш ишларини кўриб, ўз уйимни таъмирлаш режасини туздим. Бу, мен учун ижобий қувват бўлди. Бунақа ижобийликлар «тома тома кўл бўлур», деган ҳикматни эслатади: ҳар бир инсоннинг бахти ва муваффақияти, юрт равнақига ҳисса қўшади.
Ижобий таъсирларнинг кўплиги одамларни ҳаракатга ундайди ва албатта ўз ҳаётини яхшилаш орқали юртимизда бахтли инсонлар сонини ҳам кўпайтириб бораверади.
Лекин, бошқа томонда, камбағаллик, зўравонлик, адолатсизлик ва коррупция ҳақидаги хабарлар одамни чуқур ташвишга солади. Бундай хабарларнинг эмоционал ҳолатимизга таъсири жуда кучли. Қийин шароитда яшаётган оилалар, зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва болалар ҳақидаги видеоларни кўриб ичинг эзилиб кетади. Бу хабарлар одамда ташвишли ҳиссиётларни уйғотади, умидсизликка бошлайди ва «ўрганилган бечоралик» ҳиссини сездирмай сингдира бошлайди. Баъзан, кўпроқ шунақа хабарлар гирдобида қолсам гўё юртим адолатсизлик ботқоғига ботиб бораётгандек туюлади. Ваҳоланки, тўлиқ картина бунақа эмас.
Бу икки қутб орасидаги кескин фарқ, ички мувозанатимни бузади ва эмоционал толиқишимга сабаб бўлади. Тезда ўқийдиган ва кузатадиган публик одамларимни саралашга тушаман ёкида вақтинча блоклайман.
Ҳар қандай инсоннинг эмоционал ҳолати унинг фикрлашига таъсир қилади. Фикрлаши эса уни хатти-ҳаракатларида барибир ўз аксини кўрсатади. Биргина инсон ўз яқинлари, дўстлари ва ҳамкасбларига эмоционал толиқиши орқасидан келадиган фикрлаши туфайли яхши кайфият улашади дея олмаган бўлардим. Аксинча, умидли ва ижобий кайфиятдаги инсонга салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Шу сабабли, ўзим ва юртдошларим учун бир нечта тавсияларни беришни истайман:
Ахборотни танлаб ўқинг: Барча хабарларга берилиб кетманг. Ўзингизга фойдали ва ижобий хабарларга эътибор беринг.
Эмоционал чегараларингизни белгиланг: Салбий хабарлардан ортиқча таъсирланманг. Ижтимоий тармоқлардан вақти вақти билан узоқлашинг ва дам олинг.
Ҳамдардликни фаол ҳаракатга айлантиринг: Ҳамдардликни фақат ҳис қилманг, балки амалий ёрдам беришга ҳаракат қилинг.
Ижобий хабарларга эътибор беринг: Ижобий хабарлардан илҳомланинг ва куч топинг.
Профессионал ёрдам сўранг: Эмоционал ҳолатингиз ёмонлашса, мутахассисларга мурожаат қилинг.
Юртимизнинг гўзаллиги ва дардлилигини бир вақтнинг ўзида қабул қилиб, мувозанатни сақлашга ҳаракат қилиш керак. Бу мураккаб йўл, лекин биз бу йўлда ёлғиз эмасмиз (салкам 40 млн лик халқмиз) Биргаликда, биз юртимизнинг равнақи учун ҳисса қўша оламиз. Албатта, дастлабки қиладиган ишимиз ўзимизга ғамхўрликдир. Ўзимизнинг эмоционал мувозанатимиз кўплаб янгиликлар, яхшиликлар яратишга қодир.
Хулоса қилиб айтганда, бу ерда ёзганларим доимий пушти ранг кўзойнак тақиб юриш ҳақида эмас. Аксинча, хабарларни ўзингизнинг индивидуал ҳолатингиздан келиб чиқиб саралаш ва реал ҳаётга баҳо беришда адашмаслик, ўта берилиб кетмаслик ҳақида.
Мадина Мийтан, психолог
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси Роналдуники билан тенглашди, навбат Мессига(ми?)
Эртага Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказади
Наманганда халқаро кўргазма: қиймати хонадонга тенг отлар, 200 килоли қўйлар ва осмонга учирилган кабутарлар (фото, видео)
Туркия Суриянинг янги ҳукуматини ҳарбий соҳада қўллаб-қувватламоқчи
Хорижлик мутахассислар учун 2024 йилдаги энг яхши шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
Россияда қанотли ракеталар муҳандиси ўлдириб кетилди
Эронда елка ва қўллари очиқ, бош кийимсиз қўшиқ айтган хонанда ҳибсга олинди
Озодбек Назарбеков Қирғизистон халқ артисти унвони билан тақдирланди