10:00 / 06.01.2025
87

Санэпидқўмита метапневмовирус инфекцияси тўғрисида маълумот берди

Санэпидқўмита метапневмовирус инфекцияси тўғрисида маълумот берди
Ижтимоий тармоқларда метапневмовирус инфекцияси ва ушбу инфекциянинг COVID-19дан ҳам хавфли эканлиги юзасидан хабарлар тарқалмоқда. Санэпидқўмита ушбу касаллик тўғрисида маълумот тақдим этди.

Метапневмовирус биринчи марта 2001 йилда аниқланган бўлиб, асосан ҳаво-томчи йўли билан, камдан-кам ҳолатларда эса ифлосланган юзалар билан алоқа қилиш орқали юқади. Вирусни асосан куз-қиш мавсумида фаол айланиши кузатилади.

Метапневмовирус инфекцияси, одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма каби белгилари билан ўткир респираторли инфекциялар шаклида намоён бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.

Метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратларсиз тузалиб кетади. Ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилади.

Бутун дунёда бўлгани каби, қўшни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда, айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши кузатилаётгани, шу билан бирга метапневмовируснинг ҳам қайд этилгани эълон қилинган.

Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам ўткир респиратор инфекцияларга чалиниш ҳолатларининг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда.

Ушбу респиратор инфекцияларнинг сўнгги лаборатор таҳлиллари натижасига кўра: 36,9 фоизда грипп вируси, 30,2 фоизда риновирус, 28,6 фоизда респиратор-синцитиал вирус, 1,2 фоизда метапневмовирус ва 3,1 фоизда бошқа вируслар аниқланган.

Шу ўринда фуқаролар ушбу инфекцияларни юқтириб олмасликлари учун:
✔️профилактика ва гигиена қоидаларига риоя қилиш;
✔️одамлар гавжум жойларга, айниқса ёш болаларни олиб юришни чеклаш;
✔️касаллик белгилари пайдо бўлган оила аъзоларини алоҳида сақлаб, шифокор кўрсатмасига асосан даволаниш тавсия қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият