18:32 / 05.02.2025
89

Ўзбекистон бўйлаб «Қорадори» тадбирлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон бўйлаб «Қорадори» тадбирлари ўтказилмоқда
Фото: ИИВ
ДХХ ҳамда ИИВ тузилмалари томонидан 3-4 феврал кунлари Ўзбекистон бўйлаб «Қорадори» кенг кўламли тадбирларининг дастлабки босқичи ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу босқичда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келаётган шахслар ва жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида жами 653 та махсус тадбирлар ўтказилган.

«Ўтказилган тадбирлар давомида жами 112 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ҳамда 8 минг 601 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг аҳоли орасида тарқатилиши тўхтатиб қолинди. Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласидан олинган 287 минг 460 доллар ва 569 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари далилий ашё сифатида расмийлаштирилди», дейилади ИИВ баёнотида.

Шунингдек, қўзғатилган 222 та жиноят иши доирасида 228 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилди. 64 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 47 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. 357 нафар шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 231 нафари расмий огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, кенг кўламли тадбирлар доирасида 175 та «тиғ», 58 та «бита», 24 та «кастет» ва 77 та қурол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан олинган.



ИИВнинг маълум қилишича, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият