
Ўзбекистонда техник қурилма ва транспорт воситаларидаги хатоликларни инобатга олган ҳолда, умумий аниқланган тезликдан амалдаги 5 км/соат айириб ташлаш амалиётини 10 км/соатга кўтариш таклиф этилмоқда. Бу борадаги тегишли кўрсатмани бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ўтган йилнинг 24 июлида имзолаган.
Ҳужжатни Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев эълон қилди. Унга кўра, бу борадаги норматив ҳужжат лойиҳаси аллақачон тайёрланган. Агар тегишли қарор қабул қилингудек бўлса, шаҳар ҳудудларидаги ҳайдовчилар жаримага тортилиш хавфисиз соатига 70 километр тезликда (60+10) ҳаракатланиши мумкин бўлади. 2023 йил 5 апрелдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида транспорт воситаларининг рухсат этилган максимал тезлиги соатига 70 километрдан соатига 60 километрга туширилган эди.
Кўрсатмада, шунингдек, бир йўналишдаги тасмаларни ажратиб турувчи узлуксиз 1.1 йўл ётиқ чизиғи билан боғлиқ йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш автомобил йўлларини ШНҚ ва ГОСТ талабларига мос келган ҳудудларда қайд этишга рухсат бериш амалиётини жорий этиш белгиланган.
Бундан ташқари, жарима қарорига, қоидабузарликларни қайд этувчи техник воситалар тўғрисидаги кенгайтирилган маълумотлар (тури, ишлаб чиқарилган завод рақами ва қиёшлаш сертификати)ни кўрсатилишини мажбурий этиб белгилаш таклиф қилинган.
Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» маркази тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини ўрнатилиши ҳамда эксплуатация қилинишини назорат қилувчи ваколатли орган этиб белгиланади. 2025 йил 1 майга қадар ИИВ фото ва видео қайд этиш ахборот тизимлари (сервер қурилмалари, фото ва видео қайд этиш камералари)ни жорий этиш, ишга тушириш ва фойдаланиш бўйича ягона давлат стандартини ишлаб чиқиши керак. «Хавфсиз шаҳар» маркази, шунингдек, мунтазам равишда барча тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган фото ва видео қайд этиш қурилмаларини қайтадан ўрганиб чиқиб, белгиланган тартибда тест синовидан ўтказади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар