date
views 694

Ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар тайинланди

Ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар тайинланди
Аюбхон Раҳматуллаев / Фото: ИИВ матбуот хизмати
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида янги тайинловлар амалга оширилди. Президент қарори билан, полковник Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Раҳматуллаев 2021 йил март ойидан буён Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди. У муқаддам ички ишлар вазирининг ўринбосари – молия ва моддий техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Улуғбек Тошхўжаев / Фото: ИИВ матбуот хизмати
Шунингдек, президент фармойиши асосида, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбари лавозимига полковник Улуғбек Шуҳратович Тошхўжаев тайинланди.

Тошхўжаев 2021 йил апрелидан буён Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг директори сифатида ишлаб келаётганди.

ИИВнинг 11 март кунги хабарига кўра, бу икки тайинлов ҳақида вазирликда бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ИИББни бошқариб келган генерал-майор Азиз Тошпўлатов ўтган ҳафта ИИВ раҳбари лавозимида иш бошлаган эди.

У 7,5 йилдан буён вазир лавозимида ишлаб келган Пўлат Бобожоновнинг ўрнини эгаллади. Бобожонов фаолиятини президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчисига ўринбосар сифатида давом эттирмоқда. ИИВда унинг биринчи ўринбосари бўлган Шавкат Раҳмонов ҳам лавозимидан озод этилган.

Тошкент шаҳри ИИББни эса эндиликда Хоразм вилояти ИИБнинг собиқ бошлиғи полковник Равшан Султонхўжаев бошқармоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар тайинланди