
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида хонадон нархи ўртача 11,2 йиллик ижара ҳақига тенг эканлиги аниқланди. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 3,65 йилга ошган бўлиб, уй-жой нархлари ижара нархларига нисбатан тезроқ ўсганини кўрсатади. Шундай қилиб, айни пайтда Тошкентда уй сотиб олиш ижарада туришга нисбатан молиявий жиҳатдан афзалроқ ҳисобланади.
Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ва бозор динамикаси
Сўнгги йилларда уй-жой қурилиши сезиларли даражада ошди. 2010-2016 йилларда уйлар сони 400 мингга ошган бўлса, 2017-2024 йилларда бу рақам 1,65 миллионга етди. Фақатгина 2024 йилнинг ўзида 100 мингдан ортиқ хонадонга эга кўп қаватли уйлар қурилган ва умумий уй-жой фонди 7,6 миллионтага етган.

Шу билан бирга, 2024 йилда уй-жой олди-сотди битимлари сони 5,8% га камайиб, 256,6 мингта битим қайд этилди. Бу кўчмас мулк бозорида фаоллик сусайганини кўрсатади.
Ипотека бозоридаги ўзгаришлар
2025 йил учун уй-жой бозорини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида 120 минг хонадонга эга янги кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун бюджетдан 15,5 трлн сўм, банклар томонидан эса 10 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган.
Ипотека кредитлари бозорида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. 2025 йил январь ҳолатига кўра, тижорат ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкаси 25,3% ни ташкил этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил давомида банклар ўз маблағлари ҳисобидан ажратган ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 24,8% ни ташкил қилди.

Президент томонидан қабул қилинган "Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонга кўра, ипотека кредитларига ажратиладиган субсидиялар оширилади. Бу мамлакатда уй-жойга эҳтиёжманд аҳоли учун молиявий юкламани енгиллаштиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Ижара бозоридаги ўзгаришлар
2024 йил давомида Тошкентда ижара нархлари пасайишни бошлади. 2022-2024 йилларда ижара нархлари 1,2% га ошган бўлса, 2024 йил якунига келиб ижара нархи ўтган йилга нисбатан 11,5% га пасайди. Бу, айниқса, 2023 йилдан бошлаб бозорда таклифнинг кўпайиши билан изоҳланади.
Тошкентда ижара нархлари қайси ҳудудларда қиммат ва арзон?
Энг арзон ижара нархлари:
Сергели: 1 хонали – $297, 2 хонали – $355, 3 хонали – $415, 4 хонали – $419
Олмазор: 1 хонали – $293, 2 хонали – $352, 3 хонали – $419, 4 хонали – $493
Энг қиммат ижара нархлари:
Миробод: 1 хонали – $344, 2 хонали – $512, 3 хонали – $643, 4 хонали – $705
Яккасарой: 1 хонали – $383, 2 хонали – $487, 3 хонали – $677, 4 хонали – $722
Тошкентда уй-жой нархлари ва ижара бозоридаги ўзгаришлар шаҳарнинг ривожланиш суръати, қурилиш фаоллиги ва иқтисодий омиллар билан боғлиқ. Ҳозирги кунда уй сотиб олиш ижарада туришга нисбатан молиявий жиҳатдан манфаатлироқ ҳисобланса-да, бозордаги ўзгаришлар келгуси йилларда янги динамикани шакллантириши мумкин. 2025 йилда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари уй-жой бозорини янада фаоллаштириши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар