
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари юзасидан навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Юқори даражадаги ушбу музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг охирги ҳал қилинмаган қисми бўйича муҳим келишувга эришилди. Хусусан, давлат чегарасининг қолган участкаси бўйича лойиҳа чизиғининг ўтиши тўғрисидаги баённома тасдиқланди ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари келишилди.
Икки мамлакат вакиллари «Чашма» булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий табиий бойлиги эканини алоҳида таъкидлашди. Ушбу булоқдан Ўзбекистон фуқароларининг тўлиқ ва ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишига келишиб олинди. Бунда ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмига эга бўлади ва унинг сув манбалари ҳажми ва сифатини ўзгартириши мумкин бўлган ҳар қандай ишларни Қирғизистон Ўзбекистон билан олдиндан келишиши шартлиги қайд этилди.
Учрашувда томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда, икки мамлакат аҳолисининг «Чашма» булоғидан тўлақонли фойдаланишига халақит берувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик мажбуриятини ўз зиммаларига олишди.
Шунингдек, икки томон вакиллари қисқа муддат ичида «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича битимни ва давлат чегараси участкаси бўйича шартномани тўлиқ мувофиқлаштириш ва имзолаш ҳақида аниқ келишувга эришди.
Ушбу битимлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли ҳаётидаги муҳим масалаларни ҳал қилишда ўзаро тушуниш ва келишувларнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги муносабатларнинг янада яхшиланиши, чегараолди ҳудудларда барқарорлик ва тинчликнинг мустаҳкамланишига хизмат қиладиган муҳим тарихий воқеа бўлди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар