date
views 91

Ўзбекистон ва Россия миграция соҳасида ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон ва Россия миграция соҳасида ҳамкорликни кучайтиради
Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Ш.Аминов бошчилигидаги мамлакатимизнинг вазирлик ва идоралари делегацияси меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида иштирок этди.

Москва шаҳрида ташкил этилган мазкур тадбирда Россия томонидан Бош прокурор ўринбосари П.Городов раҳбарлигида мамлакат Бош прокуратураси, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идоралар вакиллари қатнашди.

Йиғилишда ҳар икки мамлакат вакиллари миграция соҳасидаги ҳозирги вазият, мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни муҳокама қилди. Шунингдек, икки давлатнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, миграция соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш ва бу борада амалий қадамлар ташлаш масалалари келишиб олинди.

Жумладан, Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари меҳнат фаолияти учун Россияга келаётган ўзбекистонлик фуқаролар ҳамда Ўзбекистонга ташриф буюраётган россиялик фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигини назорат қилиш, уларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш мажбуриятини олдилар.

Тадбир якунида меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида қабул қилинган қарорлар акс этган баённома имзоланди. Делегациялар раҳбарлари мазкур ҳужжатни имзолаш орқали келгусида ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик янада кенгайишига умид билдирдилар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Россия миграция соҳасида ҳамкорликни кучайтиради