
Тошкент вилояти ҳудудидаги «Угом-Чотқол» қўриқхонаси яна бир туристик маррага айланмоқда. Янги қурилаётган MSA Resort мажмуаси нафақат табиат севувчилар учун, балки миллий маданият, гастрономия ва анъаналарни қадрловчи юртдошлар ҳамда чет эллик меҳмонлар учун ҳам жозибадор масканга айланиши кутилмоқда.
Ҳудудда замонавий меҳмонхона, миллий таомлар ресторани ва дегустация зали ташкил этилиши режалаштирилган. Энг диққатга сазовор томони — бу ерда қадимий Марказий Осиё анъаналарини ўзида мужассам этган, бироқ барча замонавий қулайликларга эга бўлган махсус ўтовлар қурилади. Бу меҳмонларга миллий муҳитда замонавий дам олиш имконини яратади.
Мажмуада бир вақтнинг ўзида мингдан зиёд меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлган оммавий тадбирлар учун майдонлар ҳам назарда тутилган. Режага кўра, йиллик 20 минггача сайёҳни жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат туризм салоҳиятини оширади, балки маҳаллий аҳоли учун 350 дан ортиқ янги иш ўрни яратишга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида узумчиликнинг кўп асрлик анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу дегани, меҳмонлар нафақат гўзал табиат қўйнида ҳордиқ чиқаради, балки миллий узумчилик тарихи ва қадриятлари билан ҳам танишиш имконига эга бўлади.
MSA Resort қурилиши туфайли Ўзбекистон туризмида янги саҳифа очилиши ва Угом-Чотқол қўриқхонаси халқаро миқёсда янада машҳур масканга айланиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар