date

Қўриқлаш ўрнига калтаклаш: Бухорода ноқонуний дарахт кесувчилар рейдни тўхтатишга уринди

Қўриқлаш ўрнига калтаклаш: Бухорода ноқонуний дарахт кесувчилар рейдни тўхтатишга уринди
15 июль куни Бухоро вилоятининг экологик назорати билан шуғулланувчи инспекторлар учун кескин ва хавфли кечди. Қарийб саҳрода содир бўлган воқеа эса кенг жамоатчилик орасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Пешку туманининг Сафрон чўл ҳудудида махсус рейд ташкил этилди. Унда инспекция раҳбари бошчилигидаги бир неча экологик назоратчилар иштирок этди. Рейднинг асосий мақсади – ноқонуний равишда ўсимликлар, хусусан, саксовулни қирувчи шахсларни фош этиш ва бу фаолиятнинг олдини олиш эди.

Текширув жараёнида инспекторлар Хоразм вилоятидан келган, шахси номаълум фуқаролар томонидан бошқарилаётган «ЗИЛ» русумли юк машинасига кўзлари тушди. Ундан чўлда кесиб олинган саксовул ўсимликлари ортилган бўлиб, ҳайдовчи қонуний рухсатсиз равишда юк билан чўлнинг ички йўлларидан ҳаракатланаётган эди.

Экологлар ўзларига бириктирилган хизмат автомобилида ушбу юк машинасини таъқиб қилишга қарор қилишди. Қизиғи шундаки, таъқиб қарийб 110 километргача давом этди. Ҳаракат Ғузор–Бухоро–Нукус A-380 автомагистрали орқали Хоразм вилояти ҳудудигача етиб борди.

Инспекция бошлиғи йўлда ҳаракатланаётган юк машинасини кўздан қочирмаслик мақсадида бошқа инспекторларни тушириб, кузатувни якка ҳолда давом эттирди. Аммо Хоразмга тегишли давлат рақамига эга бўлган «ИСУЗУ» юк машинаси йўлни тўсиб, воқеалар бутунлай бошқа томонга бурилди.

Ушбу машинанинг ортидан, қўлларида темир арматуралар, биталар ва темир трубалар билан қуролланган номаълум шахслар тушиб келди. Улар нафақат хизмат автомобилини ёриб ташлашди, балки инспекция раҳбарини ҳақоратлаб, салбий сўзлар билан ёдга олишди. Бу билан ҳам чекланмасдан, улар экологик назоратчиларни қаттиқ калтаклашди. Бир неча киши оғир жароҳат олди, жумладан, биттасининг оёғи сингани аниқланган.

Нотаниш ҳужумчилар инспекторларни зўрлик билан «ЗИЛ» юк машинасининг бортига юклаган ва ўзлари билан олиб кетишга уринган. Аммо инспекторлар кутилмаган жасорат кўрсатиб, ҳаракатдаги юк машинасидан ўзларини ташлаб, қочиб кетишга муваффақ бўлишди.

Воқеа содир бўлганидан сўнг, жамиятда ноқонуний саксовул кесувчиларнинг жиноий фаолияти, уларнинг ортда турган уюшган гуруҳлар ва экологик хавфсизлик бўйича масъул идоралар фаолияти яна бир бор муҳокама марказига айланди. Чунки бу фақатгина инспекторларга ҳужум эмас, балки бутун тизимга қарши қаратилган очиқ таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Айни пайтда, ушбу ҳолат юзасидан Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов натижалари ва айбдорлар аниқлангандан сўнг жамоатчиликка расмий маълумот тақдим этилиши кутилмоқда.

Мутахассислар бу каби ҳужумлар нафақат қонун бузилиши, балки давлат хизматчилари хавфсизлигига тажовуз сифатида баҳоланиши кераклигини таъкидлашмоқда. Чунки ҳар қандай назорат фаолияти ҳуқуқий доирада кечиши керак, унга нисбатан тажовуз эса жиддий жавобгарликни талаб этади.

Масъул идоралар эса эндигина бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш, рейдлар хавфсизлигини кучайтириш ва ўрмон ресурсларини муҳофаза қилишни янги даражага олиб чиқиш масалаларини қайта кўриб чиқмоқда.

Шу билан бирга, кенг жамоатчиликни ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фаол иштирок этишга, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фош этишда кумаклашишга чақиришмоқда. Чунки табиатнинг соғломлиги – жамиятнинг келажаги демакдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўриқлаш ўрнига калтаклаш: Бухорода ноқонуний дарахт кесувчилар рейдни тўхтатишга уринди