date

Андижонда эшак гўшти сотилди деган хабар рад этилди

Андижонда эшак гўшти сотилди деган хабар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Шаҳрихон туманидаги машҳур “Наманган шашлик” номи остида фаолият юритувчи шашликхонада эшак гўшти сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу иддаолар жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Шаҳрихон туман бўлими расмий баёнот билан чиқди. Унда қайд этилишича, жамиятдаги таҳликали маълумотларга асосан “Райимжон орзу барака” МЧЖ (Наманган шашликлари) қошидаги шашликхонада текширувлар олиб борилган.

Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, мазкур шашликхонадаги гўштлар Наманган вилоятида жойлашган “Зарбдор” МЧЖ қушхонасидан олиб келинади. Бу ерда сўйиш жараёни ветеринария мутахассислари назоратида амалга оширилади. Гўштга тегишли сўйиш акти тузилиб, ветеринария лабораториясида текширувдан ўтказилади ва истеъмолга яроқли эканлиги муҳр билан тасдиқланади. Шундан сўнг, махсус транспорт орқали етказиб берилиб, музлатгичларда тегишли қоидаларга мувофиқ сақланади.

Текширув натижаларига кўра, Шаҳрихондаги “Наманган шашликлари”да эшак гўшти сотилаётгани ҳақидаги миш-мишлар асоссиз эканлиги аниқланди.

Тегишли идоралар фуқаролардан расмий манбалар тасдиқламаган ёлғон маълумотларга ишонмасликни, фейк хабарлар тарқалишига йўл қўймасликни сўраб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонда эшак гўшти сотилди деган хабар рад этилди