date

Ҳаракатдаги машина устида салют учирган йигит жазоланди

Ҳаракатдаги машина устида салют учирган йигит жазоланди

Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлиги ва йўл қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолат қайд этилди. 3 август куни Юқори Чирчиқ туманида 2004 йилда туғилган йигит ҳаракатланаётган автомобил устидан салют ёқиб, ҳаётини хавф остига қўйди. Бу хавфли манзара видеога олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилгани ортидан тезкор суриштирув ишлари бошланди.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ маълумотларига кўра, воқеа юзасидан ҳайдовчи ва йўловчи тезда аниқланган. Ҳайдовчига йўловчининг ҳаётини хавфга қўйгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддаси — “Йўл безорилиги” бўйича иш қўзғатилди. Йўловчи эса жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаганлиги, жамоат тартибини бузганлиги ҳамда пиротехника воситаларидан ноқонуний фойдалангани учун 183- ва 185-1-моддалар бўйича жавобгарликка тортилди.

Маъмурий иш материаллари Юқори Чирчиқ туман судига юборилди. Суд қарорига кўра, йўловчи 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, автомобил ҳайдовчиси бир йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида жарима тўлашга мажбур этилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай хавфли ҳаракатлар нафақат иштирокчилар ҳаёти, балки йўлдаги бошқа фуқароларнинг хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади. Йўл қоидаларига бепарво қараш оқибатлари жазосиз қолмаслиги эслатиб ўтилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳаракатдаги машина устида салют учирган йигит жазоланди