Жорий йилнинг 9 сентябри куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида бир гуруҳ йигитларнинг ўзаро муштлашуви акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу воқеа шу заҳоти назоратга олиниб, зарур тезкор қидирув тадбирлари йўлга қўйилди.
Аниқланишича, 9 сентябрь соат 21:30 ларда 29 ёшли йигит ўзининг синфдошлари билан шаҳар марказида жойлашган тўйхона ҳовлисида турган пайтда, унга аввалдан таниш бўлган 1997 йилда туғилган шахс бошчилигидаги бир гуруҳ йигитлар давлат рақами ноқонуний равишда олиб ташланган автомашинада келиб тўхташган.
Шундан сўнг тарафлар ўртасида баҳс ва тортишув юзага келиб, айни вазият муштлашувга айланган. Натижада 29 ёшли фуқаро қўл ва оёқ зарбалари билан урилгани оқибатида турли даражада тан жароҳати олган.
Воқеа бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди асосида жиноят иши очилди. Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида жиноятга алоқадор шахслар қўлга олиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланди.
Шунингдек, ҳозирда мазкур иш бўйича 2000 йилда туғилган яна бир неча шахсларга нисбатан қидирув эълон қилинди ва уларни ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Ички ишлар органлари мазкур жиноятнинг барча иштирокчиларига нисбатан қонун доирасида қатъий чора кўрилишини маълум қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!