date

Ўзбекистон ОТМлари илк бор дунё рейтингининг юқори поғонасида

Ўзбекистон ОТМлари илк бор дунё рейтингининг юқори поғонасида

9 октябрь куни эълон қилинган Times Higher Education (THE) World University Rankings 2026 натижаларида Ўзбекистон олий таълим муассасалари учун тарихий ютуқ қайд этилди. Илк бор бир нечта маҳаллий университетлар дунёдаги энг нуфузли ОТМлар қаторида қайд этилди.

Қайд этилишича, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти илк бор жаҳоннинг топ-600 талиги (501–600 ўрин) қаторига кирди. Бу натижа мамлакат таълим тизими ривожида янги босқични англатади, деб ёзди Times Higher Education.

Бундан ташқари, яна бир қатор ўзбек ОТМлари ҳам глобал рейтингдан ўрин олди:
Тошкент давлат техника университети – 1001–1200 оралиғида,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети – 1201–1500 таликда,
Тошкент ахборот технологиялари университети – 1501+ тоифада жой олди.

Шунингдек, 58 та Ўзбекистон университети “репортер” мақоми билан рўйхатда қайд этилди. Бу уларнинг кейинги йилларда тўлиқ иштирокчи сифатида глобал рейтингга кириш имконияти борлигини англатади.

2026 йилги THE World University Rankings таҳлилида 115 та давлат ва ҳудуддан 2 191 та университет иштирок этди. Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан бари бўлиб 17 та ОТМ киритилган бўлса, Ўзбекистон илк бор тўрт университет билан иштирок этиши билан ажралиб турди.

Times Higher Education рейтинги дунёдаги энг ишончли ва нуфузли таълим баҳолаш тизимларидан бири ҳисобланади. У университетларни беш асосий йўналишда — таълим сифати, илмий тадқиқот фаолияти, халқаро ҳамкорлик, илмий таъсир ва саноат билан интеграция бўйича баҳолайди.

Бу натижалар Ўзбекистоннинг олий таълим тизимидаги туб ислоҳотлар, академик очиқлик ва халқаро нуфузнинг ортиб бораётганидан далолат беради. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу фақатгина бошланиш — кейинги йилларда ўзбек ОТМлари дунё рейтингларида янада юқори ўринларни эгаллаши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ОТМлари илк бор дунё рейтингининг юқори поғонасида