
Тошкент шаҳрида 11 декабрь эрталаб кутилмаганда юз берган электр узилиши бир қанча хонадон ва корхоналар учун ноқулай вазият яратди. Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида соат 06:00 га яқин электр таъминоти бир вақтнинг ўзида узилиб, 6,2 мингдан зиёд истеъмолчи вақтинча светсиз қолди.
Энергетика вазирлиги маълумот беришича, узилишнинг асосий сабаби — “Ботаника” подстанциясидан тарқалувчи “Астрономия-1”, “Астрономия-2”, “Л-Босмахона” ва “Л-Карамурт” кабел линиясидан бир нечтасида юзага келган техник носозлик бўлган. Мазкур линиядаги авария туфайли туманнинг бир нечта маҳаллаларида электр узатилишида тўхташ кузатилган.
Мутахассислар тонгданоқ жамланиб, авваламбор “Астрономия-2” кабел тармоғидаги носозликни бартараф этди. Соат 09:06 да 3 мингдан ортиқ истеъмолчида электр таъминоти тўлиқ тикланди. Шу билан иш тугамади: энергетиклар қолган кабел тармоқларидаги муаммоларни ҳам босқичма-босқич ҳал этишни давом эттирмоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, барча истеъмолчиларни электр энергиясига қайта улаш борасида интенсив ишлар олиб борилмоқда. Электр таъминоти тўлиқ тиклангач, авария сабаблари ва техник мулоҳазалар ҳақида қўшимча маълумот берилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.