
Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятидаги Давлат хавфсизлик хизмати томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши муваффақиятли тезкор тадбирлар амалга оширилди.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятидаги ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳрида туғилган 40 ёшли шахс ўзининг бошқарувидаги Cobalt автомашинасида 50 кг 978 грамм гашиш моддасини ташиб кетаркан, ушланган. Шунингдек, унинг яшаш жойидан 186 грамм гашиш моддаси ҳам топилган.
Ушбу шахс билан бирга, 39 ёшли шерик ҳам ушланган. Уларнинг афғонистонлик наркокурерлар орқали Ўзбекистонга ўтказилган гиёҳвандлик воситаларини келгусида сотиш учун олиб келганликлари маълум бўлди. Ушбу шахсларнинг бири, шу турдаги жиноятлар учун, иккинчиси эса фирибгарлик учун илгари судланган.
Тошкент шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Учтепа туманидаги 25 ёшли шахс Telegram орқали синтетик гиёҳвандлик воситалари сотиш билан шуғулланганлиги аниқланди. У, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 225 грамм "Алъфа ПВП" синтетик наркотик моддаси билан қўлга олинди.
Шунингдек, унинг 20 ёшли таниши ҳам 2 дона “Регапен” дори воситаси билан ушланган. Мазкур дори воситаларини Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналардан биридан сотиб олгани аниқланди. Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонанинг норасмий сотувчиси 14 дона “Регапен” дори воситасини мижозга 1 млн 200 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Шунингдек, дорихонанинг ёрдамчи омборхонасидан 20 200 дона “Габатен”, 823 дона “Регапен”, 100 дона “Галара”, 4 дона “Торгабалин” каби таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи, тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Барча шубҳали шахслар ҳақида Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов жараёни олиб борилмоқда.
Бу тадбирлар гиёҳвандлик воситалари тарқатилишига қарши курашдаги муҳим қадам бўлиб, мамлакатимиздаги хавфсизлик ва тартибни таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирларнинг амалга оширилишида муҳим роль ўйнайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.