date

Германияда Усмоновга оид жиноят ишлари ёпилди

Германияда Усмоновга оид жиноят ишлари ёпилди

Германияда USM холдинги асосчиси Алишер Усмонов атрофидаги ҳуқуқий тортишувлар унинг фойдасига якун топди. Мюнхен прокуратураси тадбиркор санкциялар режими бузгани ҳақидаги гумонлар бўйича бошланган тергов тўхтатилганини расман маълум қилди. Forbes баҳосига кўра бойлиги 16,7 млрд долларга тенг Усмонов вакиллари ҳам бу хабарни тасдиқлади. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Иш Германия Жиноят-процессуал кодексининг 153a-параграфи асосида ёпилди. Мазкур норма айбни тан олишни талаб қилмаган ҳолда, маълум мажбуриятлар бажарилганда таъқибни тўхтатиш имконини беради. Усмонов бу ҳолатда хайрия мақсадларига ихтиёрий молиявий бадал йўналтиришни танлади. Ҳимоя томони таъкидлашича, бундай қарор айни эпизодлар бўйича ишни қайта очиш эҳтимолини истисно қилади ва тадбиркор айбсизлик презумпцияси доирасида қолади.

Прокуратура версиясига кўра, 2022 йил баҳоридан кузига қадар Усмонов хорижий юридик тузилмалар орқали Бавариядаги Роттах-Эгерн ҳудудидаги кўчмас мулк объектларини қўриқлаш хизматлари харажатларини молиялаштирган бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари активларни Германиянинг Иқтисодиёт ва экспорт назорати федерал идораси (BAFA)да декларация қилишдан яшириш эҳтимолини ҳам текширган. Бу эпизодлар жорий йилда битта ишга бирлаштирилган, бироқ адвокатлар Усмоновнинг тилга олинган компания ва активларга алоқаси йўқлигини исботлаб, ЙИ санкцияларини қўллаш ҳуқуқий асосга эга эмаслигини илгари сурди.

Бу — Усмонов ҳимояси учун Германияда қайд этилган навбатдаги йирик натижа. Аввалроқ, 2024 йил ноябрида Франкфурт-на-Майне бош прокуратураси пул ювиш гумони бўйича ишни ҳам ёпган эди. Ўша жараёнда 500 млн евро дан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳақидаги шубҳалар кўриб чиқилган, ҳимоя эса Усмонов 2014 йилдан бери Россия солиқ резиденти экани ва барча мажбуриятларни Россия бюджети олдида бажараётганини кўрсатган. Икки томонлама солиqqa тортишни олдини олиш бўйича халқаро келишувлар доирасида бу ҳолат Германия бюджетига худди шундай тўловлар талаб қилинмаслигини англатгани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов 2022 йил февралида Европа Иттифоқининг санкция рўйхатларига киритилган. У бу қарорни бир неча бор асоссиз ва бирёқлама деб баҳолаб, мулк ҳуқуқи ҳамда шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш каби тамойиллар бузилганини таъкидлаб келади. ЙИ суд инстанциялари аввалроқ унинг даъволарини қаноатлантирмаган бўлса-да, тадбиркор ўз репутациясини ҳимоя қилишни Ғарб ОАВларига қарши суд даъволари орқали фаол давом эттирди.

Хусусан, 2024 йил бошида Гамбург суди Forbes билан низода даъвогарнинг фойдасига қарор чиқарган ва Усмонов гўёки Россия раҳбарияти манфаатида ҳаракат қилгани ҳақидаги даъволарни ёлғон деб топган. 2025 йил февралида эса худди шундай қарор Берлиннинг Tagesspiegel газетаси бўйича ҳам қабул қилинди — суд ЙИ амалдорлари томонидан чекловларга расмий сабаб сифатида ишлатилган тезисларни тарқатишни тақиқлади.

Германияда иш ёпилган 153a-параграф амалиётда кўпинча “олтин кўприк” деб аталади: давлат узоқ ва қиммат терговни жамоатчилик манфаатини муайян тўлов билан қоплаш орқали якунлаши мумкин, бунинг ортидан эса шахс ҳуқуқий жиҳатдан “айбдор” мақомини олмайди — чунки бу айблов ҳукми ҳисобланмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Германияда Усмоновга оид жиноят ишлари ёпилди