Қашқадарёда юз миллионлаб сўмлик криптофирибгарлик фош этилди

Қашқадарё вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари криптоактивлар айланмаси билан боғлиқ йирик кибержиноятни аниқлади. Текширув Китоб туманида яшовчи фуқаронинг “102” хизматига қилган мурожаатидан сўнг бошланган: у пластик картасидан 279,6 миллион сўм номаълум тарзда ечиб олинганини билдирган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Оператив қидирув тадбирлари давомида гумонланувчи шахс аниқланиб, у Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи экани маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, у криптобиржа орқали жуда катта миқдордаги маблағларни ноқонуний алмаштириш билан шуғулланган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари гумонланувчининг банк картаси орқали ўтказилган ноқонуний операциялар умумий миқдори 896,9 миллион сўмдан ошганини қайд этди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов гумонланувчининг бошқа банк карталаридан пул ўғирлаш билан боғлиқ эпизодларга алоқадорлигини текширмоқда, шунингдек, маблағларни рақамли валютага чиқариш каналлари ўрганилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!