Маданият вазирлиги вазирнинг тўйда куйлаб пул олгани акс этган видео юзасидан изоҳ берди

Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, вазир Озодбек Назарбеков тўй маросимида қўшиқ ижро этиб, меҳмонлардан пул олаётгани тасвирланган видео юзасидан муносабат билдирди. Идорага кўра, ҳолат миллий урф-одатларга мос бўлиб, амалдаги қонунчилик талабларини бузмайди.
Kun.uz вазирлик матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Усаровга таяниб ёзишича, видео 2025 йил 25 октябр куни вазирлик ходимларидан бирининг тўйида олинган. Унинг айтишича, вазият олдиндан режалаштирилмаган.
Вазирлик изоҳида таъкидланишича, бундай ҳолатда вазирнинг узатилган пулни олмаслиги маросим иштирокчиларини ноқулай аҳволга солиши, бу эса ҳурматсизлик ёки менсимаслик сифатида қабул қилиниши мумкин эди.
Шунингдек, вазирлик тўйларда ижрочиларга пул бериш қонун билан тақиқланмагани, бу эса асрлар давомида шаклланган миллий анъана ва маданий қадриятларнинг бир қисми эканини қайд этди. Идора бундай амалиёт ўзбек удумлари доирасида мумкинлигини билдирди.
Вазирлик Озодбек Назарбеков нафақат вазир, балки таниқли хонанда, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими эканини эслатди. Унинг касбий фаолияти миллий қўшиқчилик санъати билан бевосита боғлиқ бўлгани учун тўйдаги ҳолат ҳам айнан шу контекстда баҳоланиши лозимлиги айтилди.
Идора вакиллари, давлат лавозимида ишлашидан қатъи назар, инсонни ўз касбидан бутунлай ажратиб бўлмаслигини қўшимча қилди.
Kun.uz хабарига кўра, ушбу эпизод бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Маданият вазирлигига тегишли тақдимнома киритган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!