Фарғонада жанжал фуқарога 56 миллионга тушди

Фарғона вилоятида оддий кўча тортишуви катта молиявий йўқотишга айланди. Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг 2025 йил 11 ноябрдаги қарорiga мувофиқ, фуқаро М.А.дан давлат фойдасига 56 250 000 сўм миқдорида жиноий жарима ундириш белгиланган эди.
Мажбурий ижро бюроси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида мазкур жарима маблағи тўлиқ ундирилгани маълум қилинди.
Ҳолатга назар ташласак, бир неча дақиқалик асаб ва назоратсиз ҳаракат “қиммат дарс” бўлиб чиқди: кўча жанжали қарздор учун 56 миллион сўмлик чиқимга айланди.
Жаримани тўлаш пайтида фуқаро ҳазиломуз тарзда: “Кўчада муштлашгандан кўра, бокс залига борганим арзонроқ экан. Ҳеч бўлмаса абонемент олиб, соғлиққа фойда қилардим”, деган.
Мутахассислар ҳам шунга урғу бермоқда: ортиқча энергия ва асабни жанжал орқали эмас, спорт орқали чиқариш — ҳам соғлиқ, ҳам бюджет учун анча маъқул.
Жамоат тартибини бузиш эса фақат маъмурий ёки жиноий жавобгарлик билан чекланмайди. У кўпинча жиддий молиявий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.