Ғузорда тунги жанжал уч йигитни шифохонага олиб туширди

Қашқадарё вилоятида тунги пайт юз берган жанжал ортидан уч нафар йигит калтаклангани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат бўйича “Дарё”га мурожаат келиб тушгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, воқеа жорий йил 16 февраль куни Ғузор тумани Човка қишлоғида содир бўлган. Тунги соат 01:20 атрофида бир неча фуқаролар гуруҳи С.А., Х.Т. ва А.Т.ни дўппослагани билдирилган.
Дастлабки маълумотларда келтирилишича, ҳолатга улар ўртасида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик ва тортишув сабаб бўлгани айтилмоқда. Жабрланганлар туман тез тиббий ёрдам марказига олиб борилган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари вазият назоратга олинганини, ҳозирда эса терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган. Шунингдек, ҳолат юзасидан кейинроқ тўлиқ ахборот берилиши қайд этилган.