Ангренда дайди итлар 8 ёшли болани талаб ташлади

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида мудҳиш воқеа юз берди. Саккиз ёшли бола кўчада дайди итлар ҳужумига учраб, олган жароҳатлари оқибатида вафот этди. Маълум бўлишича, марҳум онаси билан бирга шаҳардаги маҳаллалардан бирида ижарада яшаб келган. Фожиа бола мактабдан уйига қайтаётган вақтда содир бўлган.
Маҳалла аҳолисининг таъкидлашича, ҳудудда дайди итлар муаммоси узоқ вақтдан буён сақланиб қолмоқда. Ҳайвонлар тез-тез катталар ва болаларга ташланиб, хавф туғдириб келган. Боланинг онаси фарзанди вақтида қайтмагач, уни қидиришга чиққан ва кўчада жароҳатланган ҳолатда топган. Афсуски, шифокорлар етиб келгунига қадар бола жон таслим қилган.
Ангрен шаҳри "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳолат юзасидан муносабат билдириб, оила ҳудудда вақтинчалик ижарада яшаганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, воқеа шаҳар ҳокимлиги ва масъул ташкилотлар назоратига олинган. Келгусида бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати вакиллари мазкур ҳодиса юзасидан яқин вақт ичида расмий баёнот берилишини маълум қилди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!