Тимур Мусин бизнесини сотмоқда: сабаблар очиқланди

Тошкентдаги машҳур ресторан ва дам олиш масканлари эгаси, Caravan Group асосчиси Тимур Мусин ўз бизнесининг бир қисмини сотувга қўйди. Бу ҳақдаги эълонлар OLX платформасида пайдо бўлиб, жамоатчилик эътиборини тортди.
Маълум бўлишича, 13 апрель куни пойтахтда жойлашган йирик “Палов музейи” ресторани сотувга чиқарилган. Беш қаватдан иборат ушбу мажмуа 5800 квадрат метр майдонни эгаллаб, Солор канали бўйидаги 20 сотих ҳудудда жойлашган. Объектнинг умумий қиймати 150 миллиард сўм деб баҳоланган. Шу билан бирга, уни қисмларга бўлиб — 1100 квадрат метрдан бошлаб сотиб олиш имконияти ҳам таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, машҳур Caravan ресторани ҳам сотувда. У 7 сотих ер майдонида жойлашган бўлиб, умумий майдони 1800 квадрат метрни ташкил қилади. Ресторан қиш фаслида 250 нафаргача, ёзда эса 490 нафаргача меҳмон қабул қилиш имконига эга. Унинг нархи 45 миллиард сўм деб белгиланган.
Бўстонлиқ туманида жойлашган Cinara’s этнографик мажмуаси ҳам сотув рўйхатига киритилган. У 80 сотих ҳудудни эгаллаб, биноларининг умумий майдони 1400 квадрат метрни ташкил этади. Ушбу объект 99 миллиард сўмга баҳоланмоқда.
Тадбиркорнинг айтишича, бундай қарор қабул қилинишига суд жараёнлари ва инвестицияларни йўқотиш хавфи сабаб бўлган. У амалга оширмоқчи бўлган йирик этнографик лойиҳа турли маъмурий тўсиқлар туфайли тўхтаб қолганини таъкидлади.
Тимур Мусиннинг маълум қилишича, меҳмонхона ва аквапаркни ўз ичига олган этнографик қишлоқ қуриш режаси мураккаб инвестиция муҳити сабаб номаълум муддатга қолдирилган. Ушбу лойиҳага катта меҳнат ва молиявий ресурслар сарфланганига қарамай, кутилган қўллаб-қувватлов бўлмаган.
Маълумотларга кўра, муаммоларнинг асосий қисми ер масалалари билан боғлиқ. Жумладан, Бўстонлиқ туманидаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш жараёнида компанияга тегишли ер майдони қисман олиб қўйилган. Суд томонидан компенсация тўлаш ҳақида қарор чиқарилган бўлса-да, у бир неча бор бекор қилинган ва иш қайта кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, аввал тадбиркордан 4 гектар ер олиб қўйилиб, ўрнига ноқулай ҳудуд берилгани ҳам ҳолатни мураккаблаштирган. Кейинчалик эса кадастр ҳужжатлари бўйича низолар келиб чиққан.
Ҳозирги вазиятда компания бир нечта хорижий ҳамкорлар билан ишни тўхтатган, банк ҳисобларидаги катта миқдордаги инвестициялар эса музлатилган. Суд ишлари эса ҳозиргача турли инстанцияларда давом этмоқда.
Шу тариқа, йирик тадбиркор ўз бизнесининг бир қисмини сотиш орқали молиявий босимни камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!