Қўқонда 10 ёшли қизнинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ тафсилотлари очиқланди

Аввалроқ Қўқон шаҳрида вояга етмаган ҳайдовчи 3 нафар қизалоқни уриб юбориб, улардан бирининг умрига зомин бўлганди. ИИВ ушбу ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, 20 май куни Қўқонда Malibu-2 рулига ўтирган мактаб ўқувчиси пиёдалар йўлагидан ўтаётган 10 ёшли 3 нафар қизни уриб юборган. Аниқланишича, қизлардан бири шифохонада вафот этди, яна икки нафари эса оғир аҳволда. ИИВ ҳодиса видеоси ва рулда бўлган ўсмир билан унинг бобоси узр сўрагани, бундан пушаймон экани акс этган лавҳаларни эълон қилди.
Видеода Malibu катта тезликда келиб, болаларни уриб юборгани кўринади. Ўсмирнинг айтишича, у машинани рухсатсиз олиб, дўстлари билан шунчаки айланиш учун чиққан. Маълум бўлишича, бобоси унга машинани уйда ювиш учун калитни берган, лекин у шаҳарга ҳайдаб кетган.
Вояга етмаган йигит ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаганини билдирган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Вояга етмаган ҳайдовчи ушланган, тергов давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!