Самарқандда вояга етмаган 7 ва 9 ёшли қизлар зўравонликка учради

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида вақтинчалик васий икки нафар вояга етмаган қизга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик содир этган. Маълум бўлишича, у болаларнинг хориждаги онасидан пул талаб қилиш мақсадида қийноқларни видеога олиб, босим ўтказиб келган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган бўлиб, айбдор шахс васийлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳозирда жабрланган қизлар оилавий болалар уйига жойлаштирилиб, уларга зарур психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида вояга етмаган икки нафар қизга нисбатан зўравонлик ҳолати юзасидан текширув ишлари бошлангани маълум қилинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани ахборот берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 апрель куни Тойлоқ туманида яшовчи фуқаро М.С. вақтинча васийлигида бўлган икки нафар вояга етмаган қиз — Б.Д. (2019 йилда туғилган) ва Б.М. (2017 йилда туғилган)нинг ҳозирда хорижда бўлиб турган онаси Д.М.дан пул талаб қилиш мақсадида турли кўринишда босим ўтказган. У болаларга нисбатан жисмоний ҳамда руҳий зўравонлик ҳаракатларини амалга ошириб, ушбу ҳолатларни видеотасвирга олган.
Болалар омбудсманининг Самарқанд вилояти бўйича минтақавий вакили воқеа жойига чиқиб, ҳолатни ўрганган ва болаларни ҳимоя қилиш мақсадида зарур тезкор чора-тадбирларни амалга оширган.
Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, туман васийлик органи — “Инсон” маркази масъуллари томонидан М.С. васийлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Болаларга етказилган тан жароҳатларининг даражасини белгилаш учун суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Болалар омбудсмани минтақавий вакили ташаббуси билан вояга етмаган қизларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш мақсадида психолог жалб этилган.
Шу билан бирга, қизлар тумандаги оилавий болалар уйига жойлаштирилиб, яшаш ҳудудига яқин мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасасига расмий равишда бириктирилган. Шу орқали уларнинг хавфсиз оилавий муҳитда яшаш ва таълим олиш ҳуқуқлари таъминланган.
Қайд этилишича, айни вақтда болаларнинг хорижда бўлган онасининг ота-оналик мажбуриятларини бажариш даражаси ҳам ўрганилмоқда.





























Изоҳлар 0
…