date

Телеграмда зарарли APK дастурларни сотган ёш дастурчи қўлга олинди

Телеграмда зарарли APK дастурларни сотган ёш дастурчи қўлга олинди

Ўзбекистонда киберхавфсизликка таҳдид солувчи навбатдаги жиноий фаолиятга чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизмати, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамда «Киберхавфсизлик маркази» ДМ мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Телеграм мессенжери орқали зарарли «APK» дастурларни тарқатиш ва сотиш билан шуғулланган шахс фош этилди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқаро ўз қўли билан яратган махсус зарарли дастурларни интернет орқали савдога қўйган. У ушбу «APK» файлларни 100 мингдан 300 минг сўмгача бўлган нархларда сотиб, камида 10 нафарга яқин мижозга етказиб берган.

Ҳолатнинг эътиборли жиҳати шундаки, у фақатгина дастурларни сотиш билан чекланиб қолмаган. Балки харидорларга техник ёрдам кўрсатиб, уларни қандай ишлатиш, қандай қилиб бошқа шахсларнинг аккаунтларига кириш ва маълумотларни олиш бўйича ҳам маслаҳатлар бериб борган. Яъни бу ерда тўлиқ шаклланган “хизмат пакети” мавжуд бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу зарарли «APK» дастурлар орқали бошқаларнинг Телеграм аккаунтларига рухсатсиз кириш, қурилмадаги СМС-хабарларни ўқиш, ҳатто тўлов тизимлари орқали маблағларни ўзлаштириш имконияти яратилган. Бу эса фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва молиявий хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади.

Текширув жараёнида аниқланишича, гумонланувчи Телеграмда 5 тадан ортиқ гуруҳ ва каналларни бошқариб келган. Ушбу платформаларда у доимий равишда зарарли дастурларнинг “имкониятлари”ни реклама қилиб, янги мижозларни жалб этишга ҳаракат қилган.

Тезкор тадбир вақтида унинг ихтиёридан бир қатор техник воситалар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Жумладан, «Asus ExpertBook» русумли ноутбук, «Redmi Note 10 Pro» смартфони, ташқи қаттиқ диск ҳамда банк карталари олиб қўйилган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутахассислар эса фуқароларни номаълум файллар ва дастурларни юклаб олмасликка, шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратишга чақирмоқда.

Бу ҳолат бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатди: рақамли дунёда эҳтиёткорлик — бу танлов эмас, балки зарурат.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Телеграмда зарарли APK дастурларни сотган ёш дастурчи қўлга олинди